Тест синовлари натижаларининг муҳокамаси тинмаяпти, Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди

Расмий маълумотларга кўра, олий таълим муассасаларига кириш учун бу йилги тест синовларида 1,7 миллион абитуриент иштирок этиб, уларнинг ярмидан кўпи (51,2 фоизи) ҳатто минимал ўтиш баллини ҳам йиғолмаган. Бу эса сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокама этилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги бу бўйича ўзининг муносабатини билдирди. Жумладан, муносабатда шундай дейилади:

“Албатта, давлатимиз равнақи ва келажаги, халқимизнинг фаровон турмуш тарзини таъминлашда бугунги ёш авлод камолотининг ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигини барчамиз яхши англаб турибмиз. Шу боисдан бу борада куюнчаклик билан билдирилаётган турли фикр-мулоҳазаларнинг ҳам жуда ўринли эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

Муҳокама қилинаётган кўрсаткичлар барча тест синовларида қатнашган 1 миллиондан ортиқ абитуриентларнинг натижалари эканлигига ҳам эътиборни қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу ўринда, бир қатор таҳлилий ҳолатларга эътибор қаратсак:

2022 йилги тест синовларида иштирок этган жами абитуриентларнинг 386 523 нафар ёки 24 фоизи жорий йилги мактаб битирувчиларини ташкил этади. 810 мингдан ортиқ ёки 76% абитуриентлар касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар битирувчилари ва энг асосий қисми олдинги йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган ёшлардан иборат.

2021 йилда битирувчиларнинг ўртача бали (самарадорлик кўрсаткичи) 2020 йилга нисбатан 69,8 баллдан 74,9 баллга, яъни, +5.1 баллга ошган. Шунингдек, паст натижа кўрсатган (56,7 баллдан кам) битирувчиларнинг улуши 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийиб -13% ёки -35 232 нафарга камайган.

Жумладан, 2020 йилда 56.7 баллдан паст натижа кўрсатган битирувчи-ўқувчилар 138 780 нафар (ёки 46%)ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 103 548 нафар (ёки 33%)ни ташкил этган.

Албатта, ҳозирги кундаги мактаб битирувчиларининг билими ва кўникмалари паст эканлигини қайд этиш керак. Ҳозирги кунда мактаб таълимида таълим мазмунини янгилаш ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича бошланган қадамлар, секин-асталик билан битирувчиларнинг даражасига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишни истардикки, ҳозирги вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат тест маркази билан ҳамкорликда битирувчиларнинг мактаб якуний давлат имтиҳонлари натижаларига кўра олий таълим муассасаларига киришини ташкил этиш, мактаб битирув имтиҳонларини унификациялаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда”, дейилади (https://t.me/uzedu/18141) вазирлик телеграм каналида.