Тиббиёт техникуми ўқувчилари учун янги қўлланма

Лотин тили ўлик тил бўлгани учун қанча вақт ўтса-да ўзгармайди. Бу эса халқаро миқёсда аниқ ва тушунарли терминологияни сақлаб қолишга ёрдам беради. Тиббиётда эса кўплаб анатомик тузилмалар, касалликлар, дорилар ва тиббий жараёнлар лотинча номларга эга. Шу сабабли, лотин тили тиббиётда муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан тиббий таълимдаги лотин тили ва тиббий терминологияларга эга бўлган қўлланма, ўқув қўлланма ва дарсликлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ана шундай китоб - Муҳиддин Болиевнинг “Лотин тили ва тиббий терминология” ўқув қўлланмаси қайта нашрдан чиқди.

Тиббиёт техникуми ўқувчилари учун мўлжалланган ушбу китоб тақдимоти Пахтачи туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида бўлиб ўтди. Тадбирда мутахассислар китоб ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.

Тақдимот буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги тадбирларига уланиб кетди ва унда фаол иштирок этган, берилган саволларга тўғри жавоб қайтарган ўқувчиларга муаллиф томонидан китоб совға қилинди.

Шунингдек, техникумнинг ахборот-ресурс марказига 100 дона китоблар жамланмаси тақдим этилди. Худди шундай тадбир Каттақўрғон жамоат саломатлиги техникумида ҳам ўтказилди.

СамДТУ ахборот хизмати.