Тиббиёт ходимлари - курашнинг илк қаҳрамонлари

Аслида шифокорлик касби пайдо бўлганидан бери эъзозланади, уни танлаган инсонлар аҳоли орасида қадр топиб келишган. Бунга кўплаб мисоллар бор, аммо бевосита таҳририят билан боғлиқ бўлгани учун битта фикрни айтсам, шунинг ўзи кўп гапни ифодалаб беради, деб ўйлайман.

Неча йилдан бери газета соҳасида ишласам-да, ҳали шифокорлардан бошқа касб эгаларига миннатдорчилик билдириш учун келган муштарийни учратганим йўқ. Қарийб ҳар ойда шифокорлардан жуда миннатдорман, шунчалик яхши қарашдики, уларга қандай қилиб ўз ташаккуримни изҳор қилишни билмаяпман, ҳатто чин дилдан узатган пулниям олишмади, қабилида келувчилар ростдан ҳам кўп. Тўғри, уларнинг фаолиятидан норози бўлиб шикоят ёзаётганлар ҳам бор, буни инкор этмаймиз. Аммо миннатдорчиликлар сони кўпроқ эканини таҳририятимиздаги хатлар бўлими статистикасидан ҳам билса бўлади.

Бу йил эса уларнинг қадри ҳар қачонгидан кўра баландроқ бўлди, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда улар йил қаҳрамонлари сифатида эътироф этилди. Кутилмаган касаллик, пандемия, ҳамма ўз яқинидан қўрқиб қолган бир пайтда шифокорлар қочиб кетди, деган гап чиққани йўқ. Аксинча, улар ўз масъулиятли вазифасини бажаришга ва буни ҳар доимги иши, мажбурияти деб қарашганига кўп бора гувоҳ бўлдик.

Айтиш керакки, гарчи бугунги кунда коронавирус хасталигини турли йўналишда меҳнат қилаётган шифокорлар даволаётган бўлсалар-да, пандемиянинг илк мавсумида касалликка қарши асосий «қалқон кийими»ни юқумли касалликлар шифохонаси мутасаддилари кийишди. Кийишганда ҳам оғринмай, таъмасиз кийишди. (Эътибор берган бўлсангиз, шифокорларга қўшимча моддий таъминот берилиши бўйича ҳужжат сал кейинроқ эълон қилинди).

- Юқумли касалликларга ихтисос­лашган шифохоналарда фаолият юритаётган шифокорлар шу каби хасталиклар тарқалиш эҳтимоли бўйи­ча доимий равишда турли ўқувлар, амалий машғулотларда қатнашишади, бу уларнинг ҳушёрлигини ошириш, ҳар қандай вазиятга тайёргарлигини таъминлашга хизмат қилади, - дейди Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Ибодулла Каримов. - Аммо ўқув бошқа, бу ҳолатни амалда қўллаш бошқа. Ушбу пандемия даврида шуни англадимки, гарчи аввалига шифокорларда бироз руҳан эҳтиёткорлик кузатилган бўлса-да, улар ўзларини жуда тез қўлга олишди ва хасталик билан ўша ўқув амалиётларида ўтагани каби эҳтиёткорлик ва билим билан курашдилар. Нафақат шифокор, балки ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа барча ходимлар ҳам ҳушёрликни, огоҳликни унутмаган ҳолда иш олиб боришди.

Инсон учун номаълумлик қанчалик қўрқинчли эканини ҳаммамиз тасаввур қиламиз. Ҳали фанга номаълум хасталикни даволаши керак бўлган шифокор учун эса ўн карра ортиқроқ масъулият юклайди. Гарчи жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти андазалари асосида даволаш усуллари, ҳукуматимиз томонидан дори-дармон воситалари белгиланган ва ажратилган бўлса-да, ҳар бир мутахассис ўз тажрибасига кўпроқ таянади. Бу ерда эса тажриба йўқ, сиз кўр-кўрона, натижаси қандай бўлишини билмаган ҳолда инсон саломатлигига масъулсиз. Яна қўшимчасига беморингизга далда беришингиз ва уни ишонтира олишингиз керак. Бу ҳар қандай тиббиёт ходимидан катта иродани талаб қилади. Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари пандемиянинг бошланғич даражасида ишлар экан, мана шу каби мураккаблик­лардан ўтди, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам хасталик чекингани йўқ, ҳамон дунё бўйича олимлар изланиш олиб бориши қатори уни даволаш бўйи­ча кўплаб тавсиялар беришяпти. Эндиликда мамлакатимиз шифокорларида ҳам бу борада тажриба тўпланди.

Айтиш керакки, касаллик бир неча босқичдан ўтди, бир неча фаслни ўтказди. Бу эса хасталик қанчалик айёр бўлмасин, унинг ўзини намоён этишига ва унга қарши курашишига имкон яратди. Дейлик, баҳор ойларида дунё олимлари, вирус иссиққа чидамсиз, ёзда пасайиш кузатилади, деган тахминда эди. Аммо бундай бўлмади, аксинча, ушбу фаслда касаллик оғир кечди, ўлим ҳолатлари ҳам нисбатан кўпроқ қайд этилди. Совуқ тушиши билан вирус авж олиши эҳтимоли бор, деган тахминлар ҳам ҳозирча ўзини оқлагани йўқ. Шукрки, совуқ тушиши, касаллик камайишига олиб келди. Айтмоқчиманки, ўтган вақт биз шифокорлар учун ўйлашга, бу борада изланиш олиб боришимизга имкон берди.

Шифокорларнинг ушбу вазиятдаги қаҳрамонликлари ҳукуматимиз томонидан доим қўллаб-қувватлаб турилгани ҳар бир тиббиёт ходимига далда бўлди, десак адашмаймиз. Мавжуд мукофотларга қўшимча, янгилари ташкил этилди, ҳар бир ходимнинг меҳнати қадр топди. Бизнинг шифохонамизда кўп­лаб ходимлар турли даражада мукофотларга сазовор бўлди.

Нафақат вилоятда, балки туманларда ҳам юқумли касалликлар билан оғриган беморларни даволаш учун эътибор бу йил яна бир неча карра кучайди. Тажрибамиз янада ошди, замонавий тиббиёт ускуналари таъминотида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Буларнинг барчаси изсиз қолиб кетмайди, келгусида юқумли хасталиклар билан курашда тиббиёт ходимлари учун бир тажриба сифатида ўрганилади, таҳлил этилади, фаолиятнинг янада яхшиланишига туртки бўлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.