ТИРИЛГАН МУРДА: Ўтмиш соғинчи

* Сиёсий шарҳ
Киши болалигини соғинади, яна бола бўлгиси келади. Вақт машинасига ўтириб, ўша беғубор кунларига саёҳат қилгиси, болалигига қайтгиси бор. Умуман, ўтмишни соғиниш, уни идеаллаштириб тасаввур қилиш барча одамларга хос хусусият. Бунинг учун бировни айблаш ёки мазах қилиш мутлақо ўринсиз. Аммо қўлида даҳшатли қуроли, қудратли армияси бўлган кимсалар ўтмишни соғиниб, қайтаришга интилса, оқибати аянчли бўлар экан. Буни бугунги Украинадаги қонли воқеалар мисолида кўриб турибмиз. Собиқ иттифоқдош республикани мустақиллигидан маҳрум қилиб, яна марказ тасарруфига киритиш, кўнмаган тақдирда жазолаш мақсадида кетаётган жангу жадаллар мана, тўртинчи йилдирки кучайгандан кучайиб бормоқда. Давом этаётган муҳораба, албатта бир кунмас бир кун тўхтайди, бунга шак-шубҳа йўқ. Бироқ киши дилини хира қиладиган бошқа бир янги гап-сўзлар чиқиб қолмоқдаки, бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтмасак бўлмайди.
Яқинда Россия федерацияси президентининг маслаҳатчиси Антон Кобяков юридик жиҳатдан СССР ҳали ҳам мавжуд эканлиги ҳақида сафсата тарқатди. Бир пайтлар яна бир империалист сиёсий арбоб 1991 йил 17 март куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми натижалари асосида собиқ иттифоқдош республикаларнинг тарқалиб кетиши юридик кучга эга эмаслиги тўғрисида иддао қилганди. Ўшанда биз матбуотда чиқишлар қилиб, тоталитар тузумларда одамларнинг ўз фикрини эркин изҳор этиш имконияти бўлмаганлиги ва айнан шу боис ҳам собиқ иттифоқда ўтказилган сайлов ва референдумларнинг бирортасини ҳам ҳақиқий деб бўлмаслиги ҳақида ёзган эдик. Ўзингиз ўйлаб кўринг: Ўзбекистон ССР даврида халқимизнинг 90 фоиздан ортиғи иттифоқни сақлаб қолиш учун овоз берган экан. Мустақиллик эълон қилиниб, жумҳуриятимиз озодликка эришгач, ўша йил декабрда ўтказилган референдумда энди Ўзбекистон халқининг 90 фоиздан ошиғи мустақилликни ёқлаб чиқди. Энди соғлом фикр билан ўйлаб кўрилса, киши ўз хоҳишини тутқунликда эркин билдирадими ёки озодликдами?! Ана шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, 17 мартда ўтказилган референдум натижаларининг асоси мутлақо заиф эканлиги очиқ аён бўлади.
Энди масалага бошқа томондан ёндашсак. Айтайлик, Россияда 1917 йил октябрида содир этилган давлат тўнтаришининг юридик асоси борми? Бир гуруҳ қуролланган большевиклар эндигина шаклланаётган демократик муваққат ҳукумат қўлидан ҳокимиятни қайси юридик асос билан тортиб олганди? Аммо тарих саҳифаларини варақласак, СССР нинг тарқалиб кетиши мутлақо қонуний бўлганига гувоҳ бўламиз. Масалан, собиқ "СССР Конститутсияси"да ҳар бир республика истаган пайтида иттифоқни тарк этиш ҳуқуқи қайд этиб қўйилганди. Қолаверса, 1991 йил декабрида Россия, Украина ва Белоруссия раҳбарлари Беловежская Пушчада тўпланиб, СССРни тарқатиб юбориш ва ўрнида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) таъсис этилганини эълон қилишди. Нега десангиз, 1922 йилда айнан ана шу республикалар ташаббускор бўлиб, собиқ СССР пойдеворига тамал тошини қўйган эди. Шундан сўнг янги иттифоқ кўп кунларни бошидан кечирди. Ўтган асрнинг 20-йилларида Ғарбнинг кўмаги билан очарчилик балосидан қутулиб қолди. 30-йилларда яна АҚШ, Германия каби давлатлар ёрдамида саноатни оёққа қўйди. 40-йилларда АҚШ, Буюк Британия, Канада сингари мамлакатларнинг ҳарбий-иқтисодий кўмаги билан Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонди. 50-йилларда яна иқтисодий-ижтимоий муаммолар исканжасида қолди. Ҳатто, 60-йилларга келиб, халқни шунчаки, нон билан таъминлашда ҳам катта муаммолар пайдо бўлди. Яхшиямки, 70-йилларга келиб, Волгабўйи ва Сибирда йирик нефт-газ конлари топилди. Хазинада пул кўпайиб, нисбатан фаровон, халқ орасида "Брежневнинг коммунизм даври" дея номланган йиллар бошланди. "Пули кўпайса, ўзбек хотинни иккита қилади, ўрис уруш бошлайди", деган ҳазиломуз нақлни дастлаб ким айтганини билмадиму, афсуски, ушбу гап ҳақиқатан тўғри экан.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.
(Давоми бор)