Тожикистонлик фуқарода тана ҳарорати юқорилиги кузатилди

Вилоятга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят комиссиясининг йиғилишида мазкур комиссия раиси ўринбосари, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи вазифасини бажарувчи Х.Боймуродовнинг таъкидлашича, вилоят ҳудудига четдан короновирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд халқаро аэропорти ва Ургут туманидаги “Жартепа” чегара постидаги санитария-назорат пунктлари керакли жиҳоз ва тиббий буюмлар билан таъминланган, бир нафардан инфекционист навбатчиликка қўйилган.

Жорий йилнинг январь ойида Самарқанд халқаро аэропорт орқали 121 та рейсда жами 14606 нафар йўловчи келган. Уларнинг 947 нафари чет эл фуқаролари, жумладан, 16 нафари Хитой Халқ Республикасидан. Бу йўловчилар орасида тана ҳарорати ошган беморлар аниқланмаган.

Февраль ойининг 4 кунида эса 15 та рейсда келган 1823 нафар йўловчининг 93 нафари чет эл (8 нафари хитойлик) фуқаролари бўлган. Бу йўловчиларнинг бир нафарида тана ҳарорати юқорилиги аниқланган.

Тожикистонлик бу йўловчи аэропорт санитария-назорат пунктига изоляция қилиниб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг тезкор консультатив гуруҳи томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Йўловчига бирламчи тиббий хизмат кўрсатилгандан кейин тана ҳарорати нормаллашган ва соғлигидан шикоят бўлмаганлиги сабабли жавоб берилган.