Томорқачиларга 20 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди
Вилоятимиздаги аҳоли тасарруфида 60 минг 731 гектар томорқа майдони бор ва уларга 35 дан ортиқ "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлари хизмат кўрсатмоқда.
Ўтган йил фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 1 604 томорқачига 20 миллиард 69 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Бу маблағ эвазига 776 та иссиқхона, 9 та қуёнчилик, 140 томорқа хўжалигида боғ ва токзорлар ташкил этилди, 250 мингдан ортиқ парранда, 276 асалари оиласи, 2 минг 855 бош қўй, 123 бош қорамол харид қилинди.
– Жорий йилда ҳам вилоятимиздаги томорқачиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур жамғарма ҳисобидан 16 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси ўринбосари Илёс Йиткиров. – Ушбу маблағ ҳисобидан томорқаларда 10 мингта ихчам иссиқхона, кўчат, сабзавотчилик, парранда, чорвачилик тармоқлари ривожлантирилади. 11 тумандаги сув таъминоти оғир бўлган 42 маҳаллада давлат-шерикчилиги асосида артезиан қудуқларини қазиш учун 4 миллиард 38 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Умумий олганда, вилоятимиз учун 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу ҳам томорқачиларни қўллаб-қувватлаш ва томорқа майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган катта эътибордир.
Президентимизнинг шу йил 11 январда вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан Жомбой туманида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, томорқачиларни сифатли кўчат, уруғлик билан таъминлашга мўлжалланган "Кўчатчилик томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. У ерда кўчат етиштирилади, парранда, қорамол ва қишлоқ хўжалик ҳайвонлари кўпайтирилади.
Маълумот ўрнида: ҳозирда вилоятимизда 411 гектар майдонда 8870 та иссиқхона мавжуд. Унинг 20 таси ёки 34 гектари гидропоника усулидаги иссиқхонадир. 2019 йил дастури асосида яна 200 гектар майдонда 98 та замонавий иссиқхона ишга туширилади. Жумладан, Тойлоқ туманида 53,8 гектар майдонда кластер усулида, Булунғур, Нуробод, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида 5 гектардан гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.