Тўрт ўсмир вояга етмаган шахсга нисбатан босқинчилик содир этди
Жорий йилнинг 3 июль куни соат 14:00 да 19 ёшли М.А., А.С., 21 ёшли Б.О., 20 ёшли С.П.лар бир гуруҳ бўлиб, Асака тумани Улуғбек маҳалласи ҳудудида кетаётган, вояга етмаган 17 ёшли Т.М.ни тўхтатиб, уни «Нексия» русумли автомашинага ўтқазганча, овлоқ жойга олиб бориб, пичоқ ва таёқ билан қўрқитган ва унга тегишли бўлган 430.000 сўм пулларини очиқдан-очиқ талон-торож қилишган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, М.А., А.С., Б.О., С.П.лар процессуал тартибда ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов жараёнида С.П.дан бир дона пичоқ ва бир дона ёғочдан ишланган таёқ процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Жиноят иши бўйича М.А., Б.О. ва С.П.ларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми «а,б» бандларига (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган босқинчилик), А.С.га нисбатан эса 164-моддаси 3-қимси «а» бандига (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган босқинчилик) мувофиқ айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.