100 минг сўм учун ногирон аёлни қийноққа солган икки босқинчи қўлга олинди

2020 йилнинг 7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси соат 02:00 да 33 ёшли Ж.Х. ва 26 ёшли М.Ш. спиртли ичимлик истеъмол қилган, маст ҳолатда Қоракўл тумани, Мирпўлат қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 47 ёшли О.Х.нинг яшаш уйи ётоқхонасига эшик ойнасини синдириш орқали, ғайриқонуний равишда кириб, уни қўллари билан бўйин қисмидан бўғиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитган. Пуллари ва тилла-тақинчоқларини беришни талаб қилиб, унинг ёнида бўлган 100.000 сўм пулларини талон-торож қилиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. ва Ж.Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

М.Ш. ва Ж.Х.лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинганлар ва ўрнатилган тартибда ушланганлар.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.