Тошкентда зилзиладан зарар етган қўп қаватли уй бўйича даъво аризаси киритилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли биноларнинг бирида кеча зилзила оқибатида фасад қисмига зарар етказилгани юзасидан видео тарқалди.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати томонидан қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига тегишли сўров юборилди.
Қайд этилишича, Яшнобод туманида қад рослаган "FIRST DEVELOPING GROUP" МЧЖга тегишли объектларнинг бирига ғишт ишлаб чиқарувчи "STONE BRICK" МЧЖ томонидан сифатсиз ғишт маҳсулотлари етказиб берилиши оқибатида мазкур ҳолат юзага келган. Айни кунда буюртмачи томонидан суд органларига етказилган зарарни қоплаш мақсадида даъво аризаси киритилган. Бинонинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари апрель ойида тўлиқ якунланиши белгилаб олинган.
Шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 1298 ишонч рақамига айни кунларда зилзила оқибатида вайрон бўлган ёки зарар етказилган бинолар ҳақида мурожаат келиб тушмаганлиги маълум қилинган.