Тошкентдан Истанбулга учган самолёт бортида чақалоқ туғилди
Кеча, 26 апрель куни "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича учган HY-273 рейси самолёти бортида чақалоқ туғилди.
Чақалоқнинг онаси – 1996 йилда туғилган ўзбекистонлик Ситора А, бирдан ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва стюардессани чақирган. Стюардессалар эса самолётда врач бўлса, аёлга ёрдам кўрсатишни илтимос қилишган.
Орадан кўп ўтмасдан йўловчи аёл ҳомиладорлигининг 28-ҳафтасида чақалоқни дунёга келтирган.
Самолёт муваффақиятли қўнгач, бортга Истанбул халқаро аэропортининг тиббий персонали кўтарилган ва она чақалоғи билан касалхонага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор.
Uzbekistan Airways чақалоқнинг туғилишига кўмаклашган йўловчиларга миннатдорлик билдирди ва уларга эсдалик совғалари берилишини маълум қилди. Чақалоқ "Бутунжаҳон учувчилар куни"да туғилган.