Тўйдаги “ўқ узишлар” бўйича расмий маълумот берилди

Интернет тармоқларида тўйдаги меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИБ томонидан мазкур видео ўрганилди. Видеодаги одамларнинг, хусусан, ўқ узган кишининг шахси аниқланди. Бу шахс Тошкент вилоятида яшовчи 25 ёшли Улуғбек Салихов бўлиб, у қариндоши бўлмиш куёвга тўй куни куёв-жўралик қилган. 19 сентябрь куни куёв ва унинг дўстлари Чилонзор туманига келиннинг уйига келишганида Улуғбек кейинчалик “қизиқарли ролик” тайёрлаш учун бозордан сотиб олган ўйинчоқ пластмасс тўппончани осмонга кўтарган. Бу лаҳза видеооператорлар томонидан тасвирга туширилган.

4 октябрь куни кечқурун Улуғбекнинг ўзи видеолавҳани монтаж қилиб, ўқ узиш товушларини қўшган ва видеони инстаграмдаги саҳифасига жойлаган. Кейинчалик мазкур видеони интернетда тарқатган.