Тоза ҳаво бўйича экологик назорат ўрнатилмоқда

Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ишчи гуруҳи вилоятимиздаги саноат корхоналари, қурилиш объектларида атмосферага кўтарилиши мумкин бўлган чанг, газли ташланмалар, ҳудудда яшил белбоғ ташкил этиш, чиқинди ва оқова сувларнинг ҳолатини ўрганиш борасида назорат тадбирлари ўтказмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Жомбой яшил чироқлари” масъулияти чекланган жамияти бир неча йил олдин тўлиқ кўмир ёқилғисига ўтган ва атмосферага зарар етказмасдан маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясини жорий этган.

-  Ҳозирда кунига 120 тонна кўмир ёқамиз ва 700 тонна цемент ишлаб чиқарамиз, - дейди жамият раҳбари Фахриддин Жўраев. – Бунинг учун Хитойдан қарийб 3,7 миллиард сўмга 2 мингга яқин ҳаво тозалаш фильтрлари олиб келиб ўрнатдик. Бу қурилмалар ҳавога ташланмаларни 99,4 фоизгача тозалайди ва ҳар олти ойда фильтрларни янгилаймиз. Шу тариқа атмосферага зарарли ташланмалар чиқарилишининг олди олинмоқда.

УзБАТ Самарқанд филиалида “Ридал” компаниясининг 20 дан ортиқ ультра замонавий ҳаво тозалаш фильтрлари ўрнатилган. Фабрикадаги ёритиш тизимлари тўлиқлигича қуёш панеллари ёрдамида ишлайди, оқова сув ҳам тўлиқ қайта ишланади. Республикамиздаги маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган янги ва замонавий ускуналар ёрдамида 4 босқичли ҳаво тозалаш ускуналари ўрнатилган. Жорий йилда экологияни асраш ва яшил иқтисодиётга қўшган ҳисса учун компанияга янги ташкил этилган IREC яшил энергетика сертификати топширилган. Бу қурилмалар ва ишланмалар атмосферага чиқариладиган ташланмаларни 99 фоизгача камайтириш имконини беради.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.