Туркия ва Сурияда қутқарувчилар ҳаёт учун курашмоқда, талончилар эса фурсатдан фойдаланмоқда
Сурия ва Туркияда қутқарувчилар гарчи ҳар дақиқада эҳтимоли камайиб бораётган бўлса-да, вайроналар остидан омон қолганларни олиб чиқиш умидини йўқотмаяпти.
Иш совуқ, қор ва ёмғир, шунингдек, куч етишмаслиги ва ҳалокат ҳажми катталиги сабаб мураккаблашмоқда. Вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган зилзила - ҳудуд тарихидаги энг кучлиси деб тан олинди.
Сурияда фожиа турли кучлар назорати остидаги бўлган ҳудудларга зарар етказган ва бу қутқарувчилар ҳаракатларини мувофиқлаштиришни қийинлаштирмоқда.
Давлат хизматлари ва чет эл ёрдамлари тўлиқ ҳажмда йўналтирилмаган бўлса-да, қутқарувчиларга имконияти чекланган маҳаллий аҳоли ёрдам бермоқда.
Асосий усул - "сукунат дақиқаси"ни ташкил қилиш ва вайроналар остидан келаётган товушларни диққат билан тинглаш: бу тирик қолганлар овози бўлиши мумкин. Сешанба куни эрталабки ҳолатга кўра, ҳар икки мамлакатда вайроналар остидан 7000 дан ортиқ одам қутқариб олинган.
Мутахассислар кейинги зилзиладан хавотирда - афтершоклар, янги ер ости зарбалари хавфи яна бир неча ҳафта сақланиб қолади.
Шу билан бирга Туркия халқи ва турли мамлакатлардан келганлар омон қолганларни қутқариш учун барча имкониятларни ишга солаётган бир пайтда шаҳарларда талончилар пайдо бўлгани одамни ҳайратга солади. Улар дўкон ва бўш уйлардан озиқ-овқат, маиший техника ва ҳатто мебелларни олиб чиқишмоқда экан. ОАВда талон-торож қилиш учун айримлар бутун оиласи билан чиқишаётгани маълум қилинади.
Лекин кўпчилик инсонпарварлик ёрдами ҳали етиб келмагани учун бундай қилишга мажбурлиги ҳам айтилмоқда.
Уйга қайтишдан қўрққан ёки уйидан айрилганларни эса кўчада, қорда, совуқ оқшом кутмоқда. Жабрланган ҳудудларда об-ҳаво ҳали яхшиланмаяпти.