Туркияда автомобиль портлатилиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди
Туркиянинг жанубий-шарқида жойлашган Ширнак провинциясида автомобиль портлатилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда портлашдаги жавобгарликни Курдистон ишчи партияси (КИП) зиммасига юклаган ҳолда провинция маъмурияти хабар берди.
“Ширнак провинциясининг Силопи ҳудудида олиб борилаётган йўл таъмирлаш ишлари вақтида, 17 июнь куни КИП террорчилик ташкилоти томонидан автомобилга ўрнатилган қўлбола портловчи модда ҳаракатга келтирилди. Бунинг оқибатида тўрт нафар ишчи ҳалок бўлди”, дейилган баёнотда.
Туркия ҳукумати тақдим этган маълумотга кўра, 2015 йилда Туркия ва КИП ўртасидаги қуролли тўқнашувлар авж олганидан сўнг КИП томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида 1000 га яқин Туркия ҳарбий ва полициячилари, шунингдек, 500 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. КИП базалари Ироқ шимолида жойлашиб олган. Уларга қарши Туркия қуролли кучлари мунтазам операциялар амалга ошириб келади. Сўнгги беш йил давомида КИПнинг 10 мингдан ортиқ аъзоси йўқ қилинди.