Туркияда дам олувчиларга янги чекловлар жорий этилди
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус билан касалланганлар сонининг ортиши муносабати билан меҳмонхоналарда дам олувчиларга янги чекловлар жорий қилди. Бу ҳақда маҳаллий Hürriyet газетасидан маълум бўлди.
Нашрда маълумот берилишича, Анқара губернатори Васип Шахин янги қарор қабул қилди, унга кўра меҳмонхоналарда маълум хавфсизлик чораларига қатъий риоя этилиши зарур. Меҳмонхона ҳудудида фаолият юритадиган ресторан фақат яшаб турган меҳмонларга хизмат кўрсатиши мумкин. Бунда овқатни ресторандан олиб чиқиш тақиқланади. Шунингдек, меҳмонхоналарда 22:00 дан кейин базм тадбирлари, шу жумладан, ресторан ва концерт залларида жонли мусиқали тантаналар ҳам тақиқланди.
Туркия ҳукумати дастлаб 20 ноябрдан бошлаб мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ чекловларни жорий қилган эди. Уларга биноан шаҳарлардаги барча кафе ва ресторанлар соат 10:00 дан 20:00 гача ишлайди. Шунда ҳам овқат фақат ўзи билан олиб кетилади, манзилга ёки меҳмонхонага етказиб берилади, холос.