Турмуш чорраҳаларида: Йиғлаган ота

Яхши яшаш, данғиллама уй-жой, машина, яхши маошли иши бўлишини Туроб ҳам орзу қиларди. Аммо бунинг учун яхши ўқиш, ўрганиш, касб эгаси бўлишга интилишни хаёлига келтирмасди: “Мактабни битирай, бир гап бўлар…”.
Ота-онаси ҳам шу фикрда эди. Ўғлининг юриш-туриши, ўқиши билан қизиқмасди. Туроб мактабни бир амаллаб тамомлагач, ўша “бир гап» бўлди - на ўқишга кирди, на бирор ҳунар эгаллади. Гоҳ у, гоҳ бу олий ўқув юртига ўзини уриб, икки-уч йилни беҳуда ўтказди. Билим бўлмаса, мақсад бўлмаса, қийин экан. Ишламоқчи эди, бўлмади. Ҳунарсиз кишини ким ҳам ишга оларди? Ўзига ўхшаган такасалтангларга қўшилиб, санғиб юрди.
Отаси, - деди тоқати тоқ бўлган онаизор, - уйлантириб қўйсак, балки оила масъулияти бўйнига тушиб, йўлини топиб кетар…
Бу қарор иккинчи хато эди. Тўйдан кейин аҳвол баттар қийинлашди. Туроб ўзгармади, аксинча, ота-онаси тўйга ҳадя қилган сигирни боқиб, сотган сут-қатиғининг пулига зўрға қозон қайнатиб турган Маликага тирик товон бўлди. Маҳлиё туғилгач, яшаш янада чигаллашди.
- Қачонгача бекор юрмоқчисиз? - деди Малика йиғламсираб. - Қачон биз ҳам бошқалардек зориқмай яшаймиз?
- Иш топилмаса, нима қилай? - ўзини оқлади Туроб.
- Ана, мардикор бозорга чиқинг. Бўлмаса, рўзғорга, Маҳлиёга қаранг, мен ишлай!
- Ўйлаб гапиряпсанми, хотин, иснод-ку!
- Меҳнатнинг айби йўқ, нимаси ёмон, бекорчи тентираб юришингиз иснод эмасми?
Мардикор бозорда ҳам ҳунаринг бўлса, иш топилар экан. Ҳар куни яримта нонни белбоққа тугиб, бозорга борган Туроб кеч бўлганда икки қўлини бурнига тиқиб, бир сўмсиз қайтарди. Бирорта мижознинг машинаси келиб тўхтаган заҳоти мардикорлар дув этиб ўраб оларди:
- Сувоқчи керакми, дурадгор керакми? Электр пайвандчи керакми…? Мижоз кераклисини танлаб, олиб кетади. Туробнинг ҳунари йўқ, сарғайиб қолаверади.
Ая, қорним очди! - хархаша қилди жажжи Маҳлиё.
- Сабр қил, қизим, ҳозир даданг сенга ширин кулча олиб келади, мазза қилиб ейсан. - Малика қизалоғини бағрига босиб, эркалайди. Аммо қизини овутиш учун айтган гапига ўзи ҳам ишонмайди.
Туробнинг бугун ҳам умиди пучга чиқди. Сўппайиб, қуруқ қўл билан қайтди. Кеч кирганда, зўрға судралиб кириб келди. Эрталаб олиб кетган бир бурда нондан бошқа нарса емаган, батамом ҳолдан тойганди.
- Адам келди! - Маҳлиё отасини кўриб, қучоғига отилди. - Ширин кулча олиб келдингизми?.. - Туроб қизалоғини бағрига босиб, йиғлаб юборди...
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.