“Уч авлод учрашуви": Ибрат, шижоат, умид
Кеча Самарқанд шаҳрининг нуроний отахону онахонлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда ёшлар Регистон майдонида жам бўлди. Буюк аждодларимиздан қолган мерос — маҳобатли меъморий обидалар пойида шонли тарих, бугун ва келажак ҳақида фикр алмашилди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда уларни шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров кутиб олиб, шаҳарда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
— Айни кунда шаҳримиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади, — деди Ф.Умаров. — Ҳудуддаги 11 та олий ўқув юртида 70 минг нафарга яқин талаба, 3 минг нафардан кўпроқ магистр илм ўрганяпти. 83 та мактабда қарийб 100 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Аммо таълим самарасини тарбиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларга ҳаёт мактаби керак. Бу ҳаёт мактаби кўпни кўрган, ҳаёт синовларида тобланган сиз, қадрли нуронийларсиз. Мен ишонаман, ёшлар билан ишлашда Самарқандда шакланган ўзига хос мактаб янада ривожланади. Эртамиз эгаларини ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаш йўлида барчамиз бирлашамиз.
Навбатдаги манзил Қорасув массивидаги 81-умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бугун ушбу муассасада 2400 нафардан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Тадбир иштирокчилари мактабда яратилган шароит, хусусан, спорт зали, тўгарак машғулотлари билан қизиқди.
— Мактаб аслида 1680 нафар ўқувчига мўлжалланган, — дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов. — Массивга кўчиб келувчиларнинг тобора кўпайиши ҳисобига ўқувчилар сони кўпайиб бормоқда. Шу сабабли тегишли дастурга кўра массивда яна тўртта мактаб қуриш режаси киритилди. Бундан ташқари, ҳудудда шифохона ва мактабгача таълим муассасалари ҳам қурилмоқда.
Уч авлод вакиллари шаҳардаги собиқ “Сино” заводи ўрнида ташкил этилган ишлаб чиқариш корхонаси, “Ишга марҳамат” мономарказида ҳам бўлишди.
— Шаҳримизда ёшларнинг ўз олдига қўйган мақсадига эришиши учун барча шароит бор, — дейди меҳнат фахрийси Салоҳиддин Бобомуродов. — Улар астойдил меҳнат қилса кифоя. Бу борада ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш эса биз, нуронийларнинг бурчимиз. Тадбирда зиммамиздаги вазифа нақадар масъулиятли эканлигини, жамиятга қанчалар кераклигимизни яна бир бор ҳис қилдик.
— Маҳалламизда ўтказиладиган ҳар бир тадбирнинг бошида ёши улуғ отахону онахонларимиз туради, — дейди Намозгоҳ маҳалласи ёшлар етакчиси Сожида Зайниева. — Улардан маслаҳат оламиз, баъзида танбеҳ ҳам эшитамиз. Бугунги тадбирдан фойдаланиб, фаол нуронийларни маҳалламизга таклиф қилдим. Уларнинг ҳаётий тажрибаси бизга ибрат мактаби бўлади.
Тадбир доирасида Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Нурафшон” маданият саройида спектакль намойиш этилди. Уч авлод вакилларининг суҳбати бир пиёла чой устида давом этди.
Асқар Баротов.