Участкалар муддатидан олдин овоз бериш жараёнларига тайёр
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев бошқарган йиғилишда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, ички ишлар, миллий гвардия бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши масъулларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотлари эшитилди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун соҳавий хизматлар томонидан барча зарур куч ва воситалар сафарбар этилган.
Округ ҳудудидаги 1111 та сайлов участкалари жойлашган биноларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши, санитария ҳолатлари ўрганилди ва аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Ҳар бир сайлов участкасига тегишли хизматлардан масъуллар бириктирилди.
Сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, жумладан, овоз бериш хоналарини дезинфекция қилиш учун санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, унинг туман (шаҳар) бўлимларида 33 та бригада ташкил этилди. Улар сайловдан бир кун олдин барча участкаларда дезинфекция ишларини амалга оширади. Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 13 974 нафари коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан эмланган.
Эпидемиологик вазият туфайли сайлов комиссиялари аъзоларини коронавирус инфекциясига текшириш зарур бўлганда, тиббий текширувдан ўтказиш учун ПЗР лабораториялари шайлиги таъминланди.
Мажлисда халқ депутатлари туман ва шаҳарлар кенгашларининг тавсиясига кўра, айрим участка сайлов комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида округ сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Шунингдек, йиғилишда 14 октябрь кунидан бошланадигани муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорларида белгиланган тартибда ўтказиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Қонунчиликка кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
– Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва уч кун қолганида тугалланади, – дейди округ сайлов комиссияси аъзоси Наргиза Кенжаева. – Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 5 октябрда қабул қилинган қарорига кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб, 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди. Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларига, округ сайлов комиссиялари эса ўз навбатида участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини, шунингдек шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситаларини етказиб берилишини таъминлади.
Йиғилишдан сўнг матбуот анжумани ўтказилди ва унда округ сайлов комиссияси фаолияти ҳамда шу кунларда ҳудудда давом этаётган сайлов кампанияси жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан улар аккредитациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди. Шу пайтгача вилоят бўйича 94 нафар журналист ва блогерлар аккредитациядан ўтказилди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга округ сайлов комиссияси масъулларидан жавоблар олдилар.
Округ сайлов комиссияси матбуот маркази.