Улуғ инсон қабулида
6 ноябрь - атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллуд топган кун.
Шароф Рашидов халқпарвар, бағрикенг раҳбар эди. Давлат ишлари билан қанчалик банд бўлишига қарамай, оддий одамларнинг дардини тинглашга, муаммоларини ҳал этишга вақт топар эди. Бу улуғ инсоннинг эътибори ва адолатпарварлигидан мен ҳам баҳраманд бўлганим ўчмас хотира бўлиб қолган.
…1962 йилда каминага Шароф Рашидов сингари не-не улуғ алломалар фаолият кўрсатган табаррук даргоҳ - «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасида ишлаш насиб этди. 1966 йил эди. Таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов билан ҳаммуаллифликда ёзган ахлоқ мавзуидаги «Топталган муҳаббат» сарлавҳали мақоламиз катта шов-шувга сабаб бўлди. Мақолада тилга олинган қиз Самарқанд туман прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаётган отасининг қистови билан обкомга зир қатнаб, биз, мухбирларга чора кўрилишини қатъий талаб қилди. Обкомнинг топшириғи билан масала таҳририят бошланғич партия ташкилотида кўриб чиқилганига қарамай, ёпиқ партия йиғилишлари кун тартибидан тушмай қолди. Барча маломат тошлари партия аъзолигига номзод менинг бошимга ёғилди. Йиғилишларда баъзи ҳамкасб коммунистлар мени партия аъзолигига қабул қилинмаслигим учун зўр беришиб тирноқ остидан кир қидирдилар. Оқибат шу бўлдики, мени партия аъзолигига номзодликдан партия аъзолигига ўтказмасликка қарор қилинди. Аҳмаджон Мухторовга эса партиявий ҳайфсан берилди. Менга нисбатан бундай адолатсизлик қаттиқ нафсониятимга тегди: «Наҳотки, пашшадан фил ясашга уринган бундай кимсалар инсон қадр-қиммати, шаънини шунчалик ерга уришса, адолат оёқости қилишса?»
Бу ҳақсизликка чидаб туролмадим. Ўзкомпартия МКнинг биринчи секретари Шароф Рашидовга «Қабулингизда бўлишни бир йилдан буён орзиқиб кутаман. Беш дақиқага қабул қилишингизни сўрайман» деган мазмунда хат ёзиб, Тошкентга жўнатдим. Уч кундан кейин уйимдаги телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим.
- Лаббай!
- Ассалому алайкум, мен марказкомдан Умаровман. Шароф ака хатингизни олди, шанба куни эрталаб соат 10:00 да қабулга етиб келинг…
Ўша лаҳзадаги ҳаяжонимни сўз билан ифода қилолмайман. Мен каби оддий фуқаронинг арзини тинглайдиган улуғ инсон борлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Шу куниёқ кечки поезд билан Тошкентга етиб бордим.
…Шароф Рашидов қабулхонага кириб келар экан, қабулга ёзилган қирққа яқин киши ҳурмат юзасидан ўрнимиздан туриб, у кишига пешвоз чиқдик. Ҳамма билан самимий саломлашиб, хонасига кириб кетган 50 ёшдаги бу баланд бўйли, истараси иссиқ, кўк костюм-шими ўзига ярашган инсоннинг юзидан нур ёғиларди. Навбатим келиб, қабулига кирдим. Мен танқидий мақола туфайли бошимга тушган можарони гапириб бердим.
- Бундан Усмоновнинг хабари борми? – деб сўраб қолди Шароф Рашидов.
- Ҳа, обкомнинг биринчи секретари Саидмаҳмуд Усмонов қабулида бўлганман, лекин барибир ноҳақ айбдор бўлиб қолаяпман, – дедим.
Шароф Рашидов ёрдамчиси Умаровга юзланди:
- Долзарб мавзуда мақола ёзган мухбирларни тақдирлаш ўрнига уларга тазйиқ ўтказишни ким ўйлаб чиқарди экан? Шу бугуноқ обкомга қўнғироқ қилиб, ҳақ жойида қарор топишини айтиб қўйинг…
Шароф Рашидов қабулидан чиқар эканман, елкамдан тоғ ағдарилгандек ҳис қилдим ўзимни. Бу воқеа 1967 йил ёзида содир бўлганди. Бир йил олдин рўй берган Тошкент зилзиласи оқибатлари туфайли шаҳар қайта қурилаётган тиғиз пайтлар эди. Шароф Рашидовнинг иши бошидан ошиб-тошиб ётарди. Шундай бўлса-да, у киши ҳар ҳафтада фуқароларни қабул қилишни, уларнинг мурожаатларини қунт билан тинглаб, муаммоларини ижобий ҳал этишни одат тусига киритганди.
Облоқул Усмонқулов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.