Умумхалқ муҳокама яна 10 кунга узайтирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси билан боғлиқ масала кўриб чиқилди.
Йиғилишда конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ иккита муҳим масала кўриб чиқилди.
Мажлисда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 15 июлгача узайтириш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирилган таклифларни инобатга олиш зарур деб топдилар.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилиб, амалдаги нормаларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ кўрилди.