Ургут тумани ҳокимлиги оммавий заҳарланиш ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Ургут туманидаги Жозмон маҳалласидаги тўйхонада оммавий заҳарланиш ва одамларнинг юқори температура ташхиси билан шифокорга мурожаат қилганлиги ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 июль куни кеч соат 22:00 атрофида Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига икки нафар бемор озиқ-овқатдан ўткир заҳарланишда гумон ташхиси билан бўлимга олиб келинган.

Беморлар билан суҳбатда улар тўйда турли салатлар еганини маълум қилишган. Шифокорлар томонидан келган беморларга керакли муолажалар ўтказилган.

Туман санитария ва осойишталик маркази ходимлари ҳамда участка тиббиёт ходимлари беморларнинг яшаш ҳудудида касалликка гумон қилинганларни туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар шифохонасига - кузатувга олиб келган.

Гумондорлар текширувдан ўтказилиб, қониқарли аҳволдалиги сабабли уйига жавоб берилган. Ҳозирги вақтда шифохонада икки нафар бемор кузатувда. Уларнинг аҳволи ўртача оғирликда.

"Ҳолат Жозмон маҳалласида деб нотўғри маълумот берилган. Ҳолат Ургут туманининг Ғиштмачит маҳалласида содир бўлган.

Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, COVID-19 билан касалланган беморлар учун қўшимча 10 та ўрин ташкил этилган. Айни пайтда юқумли касалликлар бўлимида 85 нафар бемор даволанмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган 200 нафарга яқин одам Ургут туман юқумли касалликлар шифохонасида ётибди, деб тарқалган хабар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қиламиз", дейилади хабарда.