Ургут туманида сув ҳавзаси бор, аммо шароит...
Туманларда сув спортига бўлган эътибор қай аҳволда? Болалар-ўсмирлар спорт мактабида бугун қанча ёшлар машғулотлар билан банд, уларга яратилган шароит қандай? Шу каби саволларга жавоб излаб Ургут туманида бўлдик.
Тумандаги 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида енгил атлетика, бадминтон, кураш, стол тенниси, каратэ, турон ва эркин кураш, волейбол, сузиш, таэквондо ВТФ, футбол, баскетбол, ўзбек жанг санъати, каратэ ВКФ каби спорт турлари бўйича минг нафардан ортиқ йигит-қизлар машғулотларда қатнашмоқда.
2015 йилда фойдаланишга топширилган ёпиқ сув ҳавзасидамиз.
- Ҳавзамизда 160 нафар ёшлар иштирокида соат 8:00 дан 18:00 гача беш гуруҳда дарс машғулотларини олиб боряпмиз, - дейди мураббий Гулнора Ҳушвақтова. – Яқинда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан сузишни ўрганувчилар учун 20 дона махсус тахтача, 50 дона кўзойнак, 20 та қутқарув камзули, 30 та чўкиб кетишнинг олдини олувчи белбоғ, 30 та махсус бош кийим, битта сувни тозаловчи мослама олиб келинди. Бироқ бу жиҳозларнинг сифати яхши эмаслиги сабабли тезда яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда.
Мураббий сув ҳарорати 21 даража эканлигини айтган бўлсада, сув совуқлиги болаларнинг юз-кўзидан билиниб турарди. Ҳавзага бириктирилган тиббиёт ходими Аъзам Абдурасулов эса аслида сув ҳарорати 24 даражадан кам бўлмаслиги кераклигини билдирди.
Спорт мактабининг спорт залида тозалик талаб даражасида эмас. Зални ёритувчи 12 та чироқнинг 5 таси ишлайди. Ёшларнинг кийим алмаштириш хонасида жиҳоз етишмайди, борларида ҳам илгичлар йўқ. Ювиниш хонаси бу яқин кунларда очилмаганлиги шундоққина билиниб турибди. Антисанитар ҳолат юзага келган, сув тармоқдан узилган, ёриткич чироқлари ёнмайди.
Бу ҳолатни туман 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Ойбек Ҳакимов камчиликларни икки-уч кун ичида тузатамиз, деб изоҳлади. Лекин бу гапга ишониш ёки ишонмасликни билмадик.
Вилоятимизда сув спорти ривожланаётган бир пайтда ярим миллиондан кўпроқ аҳоли яшайдиган Ургутда бу спорт турига бўлган эътибор сустдек таассурот уйғотди бизда.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.