Ургутда ёш боласини шафқатсиз калтаклаган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Ургут тумани Ватак маҳалласида аёл гўдак фарзандини шафқатсиз калтаклаётгани акс этган видео тарқалгани ва ушбу ҳолат ўрганилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Аниқланишича, 2022 йил 24 декабрь куни Ургут тумани Ватак маҳалласида яшовчи фуқаро Г.О. Россия Федерациясида ишлаш мақсадида кетган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиш жараёнида, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчиликдан сўнг, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, ўзининг вояга етмаган фарзандини уриб, ҳолатни телефон аппаратида видеотасвирга олиб, видеони турмуш ўртоғига юбориб, вояга етмаган фарзандларини ўлдириш билан қўрқитган.
Ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.O.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жабрланувчининг аҳволи яхши бўлиб, шифокорлар кузатувида.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, жиноят иши вилоят ИИБ назоратига олинган.