Ургутлик параспортчи Улжон Амриева паралимпия ўйинларига йўлланма олди

Парижда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган самарқандлик спортчилар сони 5 нафарга етди.

Шу пайтга қадар параенгил атлетика бўйича Ҳусниддин Норбеков, Кубаро Ҳакимова, Урганчбек Эгамназаров ҳамда пара пауэрлифтинг бўйича Қудратой Тошпўлатова лицензияни қўлга киритган бўлса, улар қаторига парадзюдочи Улжон Амриева ҳам қўшилди.

Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси томонидан парадзюдо бўйича "Париж-2024" ёзги Паралимпия ўйинлари лицензиясини берувчи якуний рейтинг эълон қилинди. Унга кўра, 8 нафар ўзбекистонлик парадзюдочи Парижда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритди. Улар орасида ургутлик параспортчи Улжон Амриева ҳам бор.

Улжон Амриева 1999 йилда Ургут туманининг Этак бешкапа маҳалласида туғилган. 2005-2016 йиллар Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз болаларга ихтисослашган 59-мактаб интернатида таҳсил олган. Кейин шаҳардаги педагогика коллежини тугатиб, 2020 йилда Самарқанд давлат университетининг география факультетига ўқишга кирган. Айни пайтда у вилоят якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби парадзюдо бўлими спортчиси.

- Улжоной 2020 йилда Токиода бўлиб ўтган паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришаётган ютуқларни кўриб, парадзюдога қизиқиши ошган ва ушбу спорт тури билан қарийб беш йилдан буён биргаликда шуғулланамиз, - дейди унинг мураббийи Дилноза Баҳромова. – У жуда тиришқоқ, машғулотларда ҳам тинмай ҳаракат қилади. Ўтган йил Ўзбекистон чемпиони бўлиб, терма жамоага қабул қилинди ва кетма-кет нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллади.

Хусусан, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган парадзюдо бўйича гран-при турнирида, Лондондаги жаҳон ўйинлари мусобақасида, Хитойда ўтказилган параосиё ўйинларида бронза медалларини қўлга киритди. Жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари Германияда ўтказилган IBSA гран-присида эса 57 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлди. Улжонойнинг қисқа фурсатда нуфузли мусобақаларда эришган бу ютуқлари бесамар кетмади - параолимпия ўйинларига йўлланма олиб, барчамизни хурсанд қилди. Спортчимиз Олимпия ўйинларида ҳам давлатмиз байроғини баланд кўтариб, медаль билан қайтишига ишонамиз.

Фазлиддин Рўзибоев.