Вақтини бошқаролмаган, ҳаётини бошқаролмайди

Кечаси уйғоқ, эрталаб чарчаган ҳолда уйғонадиган, вақтни елга совураётган одамларнинг куни самарасиз ўтяпти.
Кўпчиликдан “вақт тез ўтяпти”, деган гапни эшитамиз. Аслида вақт тўхтаб турмайди ва у на тезлашади, на секинлашади. Вақтни ҳис қилиш эса ўзимизга боғлиқ. Агар вақтимизни тўғри сарфласак, барака келтиради. Ундан самарасиз фойдалансак, умримизнинг энг қиммат дамларини бой берамиз.
Аждодларимиз вақтнинг қадрини чуқур англашган. Жумладан, Абу Али ибн Сино қисқа умр кечирганига қарамай, инсоният тамаддуни учун хизмат қилувчи юзлаб асарлар ёзди. Демак, у ҳаётининг ҳар бир дақиқасини илм ва тадқиқот бағишлаган, режалаган, тонгни янги ғоялар билан қарши олган. Шу қатъий интизоми туфайли унинг асарлари бугун ҳам дунё тафаккурига нур бағишлаб келяпти. Абу Райҳон Беруний вақтни энг қиммат хазина билиб, ёзганларининг бирида “Умр қисқа, илм эса чексиз” дейди. Алишер Навоий умрнинг нақадар қисқа ва бебаҳо эканини эслатиб, вақтни ўлчовсиз бойликка тенглаштиради.
Афсуски, бугун аксарият инсонлар вақтини телефон, ижтимоий тармоқ, сериал ва ўйинларга сарфламоқда. Кечаси уйғоқ, эрталаб эса чарчаган ҳолда уйғонадиган бу каби одамларнинг куни самарасиз ўтяпти. Уларнинг бу ҳолати нафақат меҳнат унумдорлигига, балки саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Аслида вақтнинг баракаси уни қандай ўтказишимизда. Агар вақтни илмга, касб сирларини ўрганишга бағишласак, ҳар бир кунимиз мазмунли, ҳар бир лаҳзамиз қадрлидир. Аммо вақтни беҳуда сарфлаган киши, гўё қўлидаги қудратли қуролни ўзига қарши қўяди.
Шундай экан, инсон ўз вақтининг бошқарувчиси бўлиши керак. Кунлик ишларни режалаштириш, эрта ухлаш ва эрта туришга одатланиш, ҳар бир кунни эзгу мақсадлар билан ўтказиш зарур. Айниқса, ёшларни вақтнинг қадрига етишга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Оилада, боғчада ва мактабда фарзандларимиз онгига вақтни тўғри тақсимлаш, ундан унумли фойдаланиш маданиятини сингдириш жамият тараққиёти учун хизмат қилади. Чунки вақтни қадрлашни билган авлодгина порлоқ келажакни яратади.
Ҳар бир киши ўтказган вақтини сарҳисоб, таҳлил қилиб боришга одатланиши шарт. Бунга одатланган кишида эса кунининг неча соатини телефонга, неча соатини китобга, қанчасини оиласига сарфлаганини ёзиб чиқса, вақтини қандай ишларга совурганини англайди.
Хулоса қилиб айтганда, вақт – инсон ҳаётининг ўлчови. Пулни йўқотсангиз, топиш мумкин, соғлиқни йўқотсангиз, тиклаш умиди бор. Аммо вақтни йўқотсангиз, уни қайтаришнинг имкони йўқ.
Суннатилло Рашидов,
СамДУ докторанти.