Ватин ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди

2019 йил 10 октябрь куни соат 17:25 да Самарқанд шаҳри Г.Каримова кўчаси, 7-уйда жойлашган “Толиб Орзу Текстил” МЧЖга қарашли ватин ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Хабар асосида ёнғинни бартараф этишга бешта ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар воқеа жойига 6 дақиқада етиб борганда ватин ишлаб чиқариш цехининг бостирмаси ёнаётганлиги маълум бўлган. Ёнғин соат 18:20 да ўраб олиниб, 20:30 да бартараф этилган. Ёнғиндан ишлаб чиқариш цехининг 150 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмасининг хабар беришича, тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.

Ёнғин оқибатида чиқиндиларни йиғиш омбори бостирмасида сақланаётган иккиламчи хомашё чиқиндилар тўплами 150 квадрат метр майдонда ёнган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.