Вазифага виждонан ёндашиш кимларгадир яхши кўриниш дегани эмас

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги эллик бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди. 

Дастлаб, вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашида бўшаб қолган депутатлик ўрни учун 2022 йил 9 январь куни ўтказилган сайлов натижалари бўйича 40-Улус сайлов округидан “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси Нуробод ҳудудий бошқармаси директори Муратов Анваржон Ҳимоятович энг кўп овоз олиб, депутатликка сайлангани ҳақидаги ахбороти тасдиқланди.

А.Муратов вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси таркибига киритилди.

Шундан сўнг, “Янги Ўзбекистон” массивларини марказлашган ичимлик суви ҳамда оқова хизмати билан таъминлаш манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетнинг 2021 йил даромадлари ва харажатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳамда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.

Энг кўп мурожаат коммунал соҳа билан боғлиқ

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев 2021 йил давомида вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахборот берди. 

– Вилоят, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналарига ўтган йилда 22 минг 540 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 5327 тага кўп демакдир, – дейди М.Турдиев. – Жумладан, Самарқанд шаҳридан 1662 нафар, Самарқанд туманидан 394, Ургут туманидан 283, Паст Дарғом туманидан 210 нафар фуқаро мурожаат қилган.  

Энг кўп мурожаат (2698 та) газ, электр энергияси ва сув таъминоти билан боғлиқ бўлди. Шунингдек, моддий ёрдам олиш (2106 та), алимент ундириш (1709 та), иш билан таъминлаш (1622 та), уй-жой ва ер ажратиш (1163 та), пенсия ва нафақа тайинлаш (1117 та)га оид масалалар ҳам кўп қайд этилди. 

Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан 2021 йил давомида 2149 та оммавий сайёр қабул ўтказилган. Вилоят бўйича Иштихон, Булунғур ва Паст Дарғом туманлари сектор раҳбарлари томонидан оммавий сайёр қабуллар бошқаларга нисбатан кам ўтказилган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси масъуллари томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида белгиланган талабларга риоя қилинмаган. Оқибатда халқ таълими бошқармасига юборилган 8 та, электр тармоқлари корхонасига юборилган 60 та мурожаатнинг ўттиз кунлик муддати бузилган ва бугунги кунга қадар жавоблари тизимга киритилмаган.

Шунингдек, 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида барча маҳаллаларда ҳам белгиланган ишлар амалга оширилмаган. Хусусан, Самарқанд, Каттақўрғон, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳридан кўплаб фуқаролар сув, электр энергияси, газ ва йўл масаласида мурожаат қилиб, бошланган ишлар охирига етказилмаганлигини билдирган.

58 та археология мероси объектлари бузилиши оқибатида давлатга 1 триллион 58 миллиард сўм зарар етказилган

Вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Р.Қобилов вилоятда жойлашган моддий-маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан оқилона фойдаланиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолати тўғрисидаги ахборотида шу ҳақда маълум қилди. 

Р.Қобиловнинг айтишича, бугунги кунда вилоятимизда 1607 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. 

Жорий йилнинг бошида Пахтачидаги Дабусия, Ургутдаги Жартепа ва Сулаймонтепа, Самарқанд туманидаги Кофирқалъа археология маданий мерос кўчмас мулк объектларини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроққум йўналиши” бўйича ЮНЕСКО умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича таклиф тайёрланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги “Моддий-маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 1607 та моддий-маданий мерос объектлари Маданий мерос объектларининг электрон порталига киритилди. Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Жомбой, Булунғур, Нуробод, Ургут ва Қўшработ туманларининг археология маданий мерос объектларининг каталоги шакллантирилди.

2021 йилда Самарқанд шаҳридаги Сўфи Розиқ ва Кўк масжид мажмуаларида 1 миллиард 663 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ҳозирда Бибихоним, “Чорсу” савдо гумбази, Улуғбек расадхонаси ва Қўшҳовуз масжидида консервация ва реставрация ишлари бошланган.

Аҳолига ҳуқуқий ёрдам зарур

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) минтақавий вакиллигининг 2021 йилда амалга оширган ишлари юзасидан минтақавий вакил И.Тўхтасиновнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланишича, ўтган йил давомида минтақавий вакилликка фуқаролардан 20 та, Омбудсман котибиятидан 6 та, жазони ижро этиш муассасаларидан 2 та мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 6 таси ишга қайта тиклаш ва ишга жойлашиш, 4 таси уй-жой билан таъминлаш билан боғлиқ бўлган. 6 мурожаатда суд жараёнларида Омбудсманнинг бевосита иштироки сўралган. Шу ва бошқа мурожаатлар белгиланган тартиб асосида кўриб чиқилган.

– Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти ҳамда Ўзбeкистoн Рeспубликаси Oлий Мажлисининг Инсoн ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) билан ҳамкорликда вилоятимиздаги жазони ижро этиш муассасалари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифи уюштирилди, – деди И.Тўхтасинов.

Вилоят адлия бошқармаси бош­лиғи С.Нуриевнинг вилоятда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан 2021 йил якунлари ҳамда жойларда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг аҳволи тўғрисидаги ахборотида келтирилишича, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш соҳасида адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлигининг 15 та, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларининг 57 та норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 55 тасига ижобий хулосалар берилган, 17 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун қайтарилган.

Бугунги кунда маҳаллий ҳокимлик­лар томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай қарор ва фармойишлар электрон шаклда “E-qaror” тизимида эълон қилиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар ушбу тизим орқали 2732 та ҳоким қарорлари, 1501 та ҳоким фармойиши ҳамда 1882 та Кенгаш қарорлари қабул қилинган.

Йил давомида адлия органларига фуқаролардан келиб тушган 6154 та мурожаатнинг 3692 таси қаноатлантирилди, 2020 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 442 та мурожаат ваколат доирасида кўриб чиқиш учун тегишли органларга юборилди.

“Ақлли” ҳисоблагич “ақлсизлик”ларни аниқлашга ёрдам бермоқда

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали раҳбари А.Муҳаммадиев “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботида қайд этишича, вилоятда 281 минг 750 та электрон газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатиш ва АСКУГ тизимини жорий этиш белгиланган. 2022 йилнинг 18 январь ҳолатида 153 минг 143 та газ ҳисоблагич шаҳар ва туманларга етказилиб, уларнинг 149 минг 757 таси ўрнатилди. Газ ҳисоблагичларнинг барчаси Италиянинг “Terranova” компанияси томонидан ишлаб чиқилган маълумотларни қайта ишлаш базасига уланиб, газ таъминоти корхоналарида “онлайн” режимда масофадан назорат қилинмоқда. Бу эса тўлов маданияти ошиши ва табиий газдан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишга ёрдам бермоқда. 

Аммо айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур онлайн ҳисоблагичлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик, тармоққа тўғридан-тўғри уланиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Жумладан, Нарпай ва Пайариқ туманларидаги автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларининг иккитасида ҳисоблагичдан фойдаланилмаслиги оқибатида 6 миллиард сўмлик табиий газ ноқонуний равишда сотилгани маълум бўлди ва мазкур шохобчалар эгаларига нисабатан тегишли чоралар кўрилди.

Вилоят ҳокими Нурободдаги эски ноутбук масаласига муносабат билдирди

Сессия чоғида вилоят ҳокими Э.Турдимов ушбу ҳафтада кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Нурободдаги “Бир миллион дастурчи” танлови ғолибларига эски ноутбук берилганини танқид қилди.

- Мана шу масалани кўтариб чиққан журналист ва блогерларга раҳмат. Бундан раҳбарлар хулоса қилиши керак. Танқид қилган одамни ёмон кўриш керак эмас, кўтарилган муаммони ҳал этиши лозим.

Танловни ўтказишга масъулиятсизлик билан ёндашгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарига дастлаб ҳайфсан берилганди. Аммо кеча вазифасидан озод этдик.

Бундай тадбирларни сохта обрў орттириш, кимларгадир яхши кўриниш учун ўтказмаслик керак, - деди Эркинжон Турдимов.

Сессияда Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.