Вилоятдаги 7 та корхона 2 млрд. сўмдан зиёд электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди: Бу — 26 минг хонадоннинг бир ойлик электр истеъмолига тенг
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда Самарқандда ўтказилган назорат тадбирларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида фаолият юритиб келаётган олтита ва Каттақўрғон туманида битта корхона электр тармоқларига ноқонуний уланганлиги натижасида давлат манфаатларига 2 млрд. 355 млн. сўмлик (5 млн 228 минг 433 кВт·соат) зарар етказганлиги маълум бўлди.
Маълумот учун: ушбу миқдордаги электр энергияси 26 минг 142 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенгдир.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.