Вилоятдаги барча корхона-ташкилотлар иштирокида спорт фестивали бўлиб ўтди

Самарқанд шаҳар 2-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Соғлом аёл–буюк келажак” ғояси билан вилоятимиз шаҳар ва туманларида барча турдаги корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида “спорт нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида “гимнастрада” спорт фестивали бўлиб ўтди.

Дастлаб вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Джумаева фестивални кириш сўз билан очди.

- Бундай спорт фестивалларини ташкил қилишдан кўзланган мақсад хотин-қизлар ўртасида спортни кенг ривожлантириш, - деди С.Джумаева. – Шунингдек, турли касалликлардан ҳимояланиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг жисмоний ва ақлий иш қобилиятини шакллантириш лозим.

Фестивалда шаҳар ва туманлардан келган хотин-қизлар ўзларининг гимнастик чиқишлари билан баҳслашди. Якунда Самарқанд шаҳар хотин қизлари биринчи, Каттақўрғон шаҳар хотин-қизлари иккинчи, Самарқанд тумани хотин-қизлари учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, фестивалда 33 турдаги номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, вилоят ҳокимлиги ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.