Халқ дардини эшитмайдиган маҳалла раислари вазифасига нолойиқ
Аввал хабар қилганимиздек, 10 октябрь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида сайёр қабул ўтказди.
Қабул давомида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш ва уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, ишга жойлашиш, банкдан кредит олиш, табиий газ, электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, таълим соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ бўлди.
Қарийб 7 соат давом этган қабулда мурожаатларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди, муддат талаб этиладиган масалаларга масъуллар бириктирилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ижроси назоратга олинди. Асоссиз мурожаатлар рад этилди.
– Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам болаликдан ногиронмиз, – дейди Сергей Бададян. – Икки йил олдин Самарқанд шаҳридаги ётоқхона биноси мослаштирилиб, биз каби уйга муҳтожларга бошпана сифатида берилганди. Аммо кўп хоналар бўш турибди. Бизга яшаш ҳуқуқи берилган бир хонали уйимизни эҳтиёж сабаб бўш турган икки хоналикка алмаштириб беришни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Бунинг учун мутасаддиларга топшириқ берилди.
Сайёр қабулда кўплаб фуқаролар маҳалланинг ўзида ҳал этиладиган муаммолар билан ҳам вилоят ҳокими ва сектор раҳбарларига мурожаат қилди. Э.Турдимов ўз маҳалласидаги муммоларга эътибор қаратмайдиган, халқ дардини эшитмайдиган маҳалла раислари вазифасига нолойиқлигини айтди.
Тўлқин Сиддиқов,
Ҳусан Элтоев (фото).