Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори: Самарқанд вилоятининг 2020 йилги маҳаллий бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 2020 йилда халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллий бюджетларни бошқаришдаги, хусусан, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, вилоятнинг 2020 йилги маҳаллий бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижро учун қабул қилинсин.
- Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига (кейинги ўринларда қонун деб аталади) мувофиқ, 2020 йилги Самарқанд вилояти (кейинги ўринларда вилоят деб аталади) маҳаллий бюджетига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт миқдори 321,8 миллиард сўмга тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
- Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, 2020 йилда:
а) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:
юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;
айрим товарларнинг чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғимлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);
автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар.
Шу билан бирга, қонунга мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетига ажратма қилинган 100 фоиз миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек, норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) шаҳар ва туманлар ўртасида тақсимлансин.
б) вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа тўловлар тўлиғича ўтказилади:
электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг активлари бўйича ажратмалар ва дивидендлар.
в) қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хомашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
айланмадан солиқ;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар.
г) мобиль алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра шаҳар ва туманлар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.
- Қуйидагилар:
2020 йил учун вилоятни ривожлантиришнинг асосий иқтисодий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;
2020 йил учун вилоят бюджети даромадлари прогноз кўрсаткичлари 2-иловага;
2020 йил учун вилоят бюджетидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага;
2020 йил учун шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага;
2020 йил учун шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда вилоят ғазначилик бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари вилоят бюджети билан шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари даромадлари ўртасидаги тақсимотни 4-иловада белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилишини таъминласин.
- Шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларининг 2020 йилги даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажмлари 6-иловага кўра белгилаш тавсия этилсин.
- Қуйидагилар:
2020 йил учун вилоят бюджетининг захира жамғармаси ҳажми
16,0 миллиард сўм миқдорида;
2020 йил учун вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварағида турадиган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 12,6 миллиард сўмга, вилоят бюджет, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турадиган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.
- Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ўроқов), ташкилий назорат гуруҳи раҳбари (Назаров), шаҳар ва туманлар ҳокимликлари:
бюджет даромадлари ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш;
солиқ базасини кенгайтириш, иқтисодий салоҳиятни ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан қатъий назоратни ўрнатиш;
қонуннинг 24-моддасига асосан, тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларига киритиб борилишини таъминласин.
- Вилоят ҳокимлиги (Ўроқов), вилоят молия бош бошқармаси (Мирзаев), вилоят давлат солиқ бошқармаси (Ахмедов) вилоят телевидениеси (Исматов), “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти (Тошев)га қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
- Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
- Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (Бердиева) ва вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Ўроқов, Шукуров, Нурқулов, Қобилов, Ходжаев, Нуруллаев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Э.ТУРДИМОВ
2019 йил 16 декабрь,
№ 419/68