Харита: Дунё бўйича мамлакатлардаги ўртача йиллик ҳаво ҳарорати қандай?
Visual Capitalist яратган ушбу инфографикада сайёрамиздаги мамлакатлар ва ҳудудлардаги ўртача йиллик ҳаво ҳарорати кўрсатилган.
Жаҳон банки гуруҳи томонидан тақдим этилган ва Climatic Research Unit гуруҳи иқлим маълумотларига асосланиб визуаллаштирилган маълумотлар 1991 йилдан 2020 йилгача ҳар бир мамлакатдаги кунлик минимал ва максимал ўртача ҳаво ҳарорати қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган.
Буркина-Фасо Цельсий бўйича 30,4 даража иссиқ ўртача йиллик ҳарорати билан жаҳон рейтингида биринчи ўринда туради. Мали, Сенегал, Мавритания, Жибути ва Гамбия ҳам энг иссиқ давлатлар сирасига киради. Умуман олганда, дунёдаги энг иссиқ ўнта мамлакатларнинг олтитаси Африкада жойлашган.
Юқори ҳарорат асосан географик жойлашув билан боғлиқ. Қитъанинг катта қисми экватор яқинида ёки қурғоқчил ва ярим қурғоқчил иқлим зоналарида жойлашган ва бу ердаги кучли қуёш радиацияси ва ёғингарчилик даражасининг пастлиги йил давомида ана шундай ҳароратни сақлаб туради.
Аруба, Токелау, Тувалу ва Кюрасао каби бир қатор тропик орол давлатлари ва Яқин Шарқдаги мамлакатларда доимий 28–29 даража иссиқ ўртача йиллик ҳарорат қайд этилади. Қатар, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам шунга ўхшаш кўрсаткичларга эга.
Бу ҳудудлардаги ҳарорат кичик мавсумий тебранишлари билан ажралиб туради. Иссиқ океан сувлари ва чўл иқлими эса ҳароратнинг сақланиб турилишига хизмат қилади.
Ҳарорат спектрининг қарама-қарши томонида совуқ иқлими билан ажралиб турадиган юқори кенгликлар ёки қутбларга яқинроқ жойлашган ҳудудларга эга мамлакатлар жойлашган. Энг паст -18,7 даража совуқ ўртача йиллик ҳарорат Гренландияда қайд этилган. Кейинги ўринларда Норвегиянинг Арктика ҳудудлари - Шпицберген ва Ян Майен, Канада ва Россия туради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.