ХДП қурилишда ишлаётган ватандошларимизнинг меҳнат хавфсизлиги таъминланишини талаб қилиб чиқди

Халқ демократик партияси Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида ер ўпирилиши оқибатида рўй берган фожиада ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди:

"Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида ер ўпирилиши оқибатида рўй берган фожиа бутун жамоатчиликни қаттиқ ларзага солди.

Халқ демократик партияси аввало, ушбу фожиа туфайли ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Шунинг билан бирга, Ҳукуматдан, мутасадди вазирлик-идоралар, қурилиш ва пудратчи ташкилотлар раҳбарларидан ишчи ходимларнинг ҳаёти, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ўта долзарб масалаларга катта масъулият ва чуқур жавобгарлик ҳисси билан ёндашишни талаб қилади.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида минглаб қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керакки, уларнинг аксариятида юз минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар норасмий ёлланма ишчи сифатида ҳақсиз, ҳуқуқсиз меҳнат қилмоқдалар.

Халқ демократик партияси барча қурилиш ва бошқа хавфли шароитларда ишлаётган ватандошларимизнинг меҳнат хавфсизлиги тўлиқ таъминланишини мутасадди ташкилотлардан талаб қилади.

Фожиага сабаб бўлган ҳолатлар таҳлили бўйича айбдорлар қонун олдида жавоб бериши шарт.

Ҳаммамиз кеча юз берган фожиадан сабоқ чиқаришимиз, ишчи-ходимларнинг ҳаёти, хавфсизлиги, ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишимиз зарур".

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ахборот хизмати.