Поездлари энг тез ҳаракатланадиган метро қаерда?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 4 декабрь куни Тошкент металлургия заводи ишга туширилишига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида "Худо хоҳласа, шу ойнинг охирида метрополитеннинг Сергели йўналишини ҳам очамиз", деди.

Хўш, биз Тошкент шаҳридаги метролар ҳақида нималарни биламиз?

Қурилиши 1968 йилда бошланган Тошкент метроси 1977 йилнинг 6 ноябрида ишга тушган. 3 та – “Чилонзор” (16,2 километр), “Ўзбекистон” (14,9 километр) ”Юнусобод" (7,2 километр) йўналишларида 29 та бекат бўлиб, кунига 180-200 минг, йилига 69-70 миллион йўловчи ташилади.

Шу ўринда дунёдаги мавжуд метролар ҳақида ҳам айрим маълумотларни келтирсак.

Дунёда биринчи метро 1848 йилда Чарльз Персон ғояси асосида Лондонда ишга туширилган. Узунлиги 6 километр бўлган бу йўналиш “Метрополитан Райлвай” деб номланган бўлиб, Эдингтон шаҳрини Фаррингдон вокзали билан бирлаштирган.

Жаҳонда қадимийлигига кўра, АҚШда 1904 йилнинг 27 октябрида ишга туширилган, узунлиги 370 километр, 468 та бекати бўлган, кунига 4,3 миллион кишига хизмат кўрсатадиган метро биринчи, 368 та бекатга эга Париж метроси иккинчи ўринда туради. Лондон метросида 270 та, Токио метросида 217 та бекат бор.

Москва метроси йўловчиларга хизмат қилиш ҳажми жиҳатидан дунёдаги энг катта метро ҳисобланади. Кунига 5 миллион, йилига 3,2 миллиард йўловчини ташийдиган ушбу метронинг поездлари эса дунёда энг тез ҳаракатланиши билан ҳам ажралиб туради. Яъни, тезлиги 120 километр/соат. Москва метросида 12 та йўналиш, 176 та бекат ва 62 та ўтишгоҳ мавжуд. Ерости йўлларининг умумий узунлиги 292,9 километр.

И.Норқувватов тайёрлади.