Хонадонларга “ақлли” газ ҳисоблагичлари, маиший газ баллонларга стикерлар ўрнатилмоқда
Дунё экспертлари томонидан рақамли иқтисодиётга “коррупция кушандаси” дея таъриф берилади.
Дарҳақиқат, иқтисодиётда рақамли технологиялардан фойдаланиш, давлат хизматлари тизимини ривожлантиришга ва хизмат сифатини яхшилашга, шунингдек, уларнинг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашга, ишбилармонлик муҳитининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда “Hududgazta’minot” акциядорлик жамияти томонидан барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.
Айни кунларда Самарқанд вилоятида табиий газ истеъмолчилари хонадонларига “ақлли” газ ҳисоблагичлари ўрнатиш билан бир қаторда, маиший газ баллонларга стикерлар ўрнатилмоқда.
Суюлтирилган газ тизимини онлайн назорат қилиш механизмига ўтиш уч босқичдан иборат бўлиб, маиший газ баллонларга стикерлар ўрнатиш, истеъмолчиларга ID карталар тарқатиш ва E-Gaz тизимига уланиш каби жараёнларни қамраб олади.
Бугунгача Самарқанд вилоятида 491 мингдан ортиқ маиший газ баллонларига махсус штрих кодли стикерлар ёпиштирилди. 120 мингга яқин истеъмолчига ID карталари тарқатилди.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.