Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Ғазо секторида ҳалокатли гуманитар вазият. Грециялик кампир 52 дона қадимги юнон жиҳозини ўғирлади
🔹 Ғазо сектори шимолида ҳалокатли гуманитар вазият юзага келмоқда. Секторнинг бу қисмига боришнинг имкони йўқ, демоқда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари. Хавф туфайли ташкилот ёрдам етказиб беришни тўхтатган. Юк машиналари талон-тарож қилинмоқда, кескинлик ва зўравонлик кучайган. Анклавда икки ёшгача бўлган ҳар олти боладан бири очликдан азият чекмоқда.
🔹 Кеча кечқурун Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюциясига вето қўйди.
🔹 Исроил кучлари Дамашққа ракета ҳужуми уюштирди. Сурия пойтахтининг жануби-ғарбидаги турар-жой массиви ўққа тутилган. Икки киши ҳалок бўлган.
🔹 Эрон нефть вазири Жавад Оужи 14 февраль куни Исроилни мамлакатнинг магистрал газ қувурини бузишга қаратилган саботажда айблади. Вазирнинг сўзларига кўра, “Исроил фитнаси натижасида газ қувурининг бир нечта шохларигина зарар кўрган” ва “саботаж мақсадига эришилмаган”.
🔹 Доналд Трамп АҚШнинг энг ёмон президенти деб топилди. Америкалик сиёсатшунослар давлат раҳбарларининг янги рейтингини тузиб чиқди ва Трамп сўнгги 45-ўринда, деб ёзади The Guardian. Амалдаги президент Жо Байден 14-ўринни эгаллаган.
🔹 Туркиянинг бешинчи авлод қирувчиси "Kaan" илк парвозини амалга оширди. Унинг биринчи парвози дастлаб ўтган йилнинг декабрь ойи охирига режалаштирилган эди, бироқ синов ўтказиш зарурати туфайли қолдирилди. Озарбайжон ҳам ушбу лойиҳани ишлаб чиқишда иштирокчи ҳисобланади.
🔹 Украина Қуролли кучлари яқинда Россиянинг яна бир Су-34 самолёти уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Экипаж омон қолмаган.
🔹 Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон америкалик журналист Такер Карлсондан Украинадаги можаро бўйича ўз позициясини тушунтиргани учун 1 миллион доллар талаб қилди. Бу ҳақда Карлсоннинг ўзи интернет тармоғида маълум қилади. Унинг тушунтиришича, фақат шундай шарт асосида Жонсон у билан Украина ҳақида гаплашиш ва ўз позициясини тушунтиришга рози бўлади.
🔹 Британия ҳарбий-денгиз кучлари Тридент ядровий ракетасини синовдан ўтказа олмади: снаряд курсдан чиқиб кетган ва яқинда таъмирланган ядро сув ости кемаси яқинида қулаган.
🔹 Грецияда полиция 70 ёшли пенсионерни қадимий юнон идишлари ўғирлаганликда гумон қилиб қўлга олган. Аёл Салоники шаҳрида уйи ва иш жойида маданий аҳамиятга эга бўлган ашёлар топилганидан сўнг қўлга олинган. 52 дона сопол идишлардан 10 таси қадимги юнон даври, милоддан аввалги IV асрга оиддир.