Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Путин нега Вьетнамда? Дунёда вабо эпидемияси кучаймоқда

🔹 Россия президенти Шимолий Кореяга ташрифини якунлаб, минтақада шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида Вьетнамга йўл олди. Россия Вьетнамнинг нефть ва газ секторида муҳим улушга эга. Путиннинг Вьетнамга ташрифи нафақат Россиянинг минтақадаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш истагини, балки халқаро санкциялар ва ўзгарувчан геосиёсий вазият билан боғлиқ муаммоларга жавоб беришини англатади.

🔹 Жорий йилнинг май ойида 46 мингдан ортиқ киши вабо билан касалланган, бу апрель ойига нисбатан 58 фоизга кўпдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу касалликнинг янада тарқалиш хавфини жуда юқори деб баҳолаган. Айниқса, Шарқий Ўрта ер денгизи минтақасида: Афғонистон ва Покистонда касаллик тез тарқалмоқда.

🔹 Savanta ўтказган сўров натижаларига кўра, Британиянинг ҳукмрон Консерватив партияси 365 ўриндан атиги 53 ўринни сақлаб қолган ҳолда парламентдаги кўпчиликни йўқотиши мумкин. Таъкидланишича, Сунак Британия тарихидаги янги парламент таркибига киритилмайдиган биринчи бош вазир бўлиши мумкин. Агар у парламентга кира олмаса, Риши Сунакнинг сиёсий фаолияти хавф остида қолади ва бу Британия сиёсати тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлади.

🔹 Вашингтон Украина армиясининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийни ваколатлари май ойида тугаган Украина президенти Владимир Зеленский ўрнига энг муносиб номзод деб ҳисоблайди. "Зеленскийнинг "фойдалилигини" тугатган ва "Россиянинг стратегик мағлубияти" умидлари бефойдалигини англаган Оқ уй унинг ўрнига Москва билан можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар учун мақбул бўлган украиналик сиёсатчилардан бирини қўллайди", дейилади ОАВда.

🔹 Канада расмийлари Ислом инқилоби гвардияси корпусини террорчи ташкилот деб тан олди. Европа Иттифоқи эса уни тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда.

🔹 Афина чеккасидаги ўрмон ёнғинлари сабабли аҳолини эвакуация эълон қилишига тўғри келди.

🔹 Доғистонда чўпон ва 50 дан ортиқ қўй яшин уриши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса Нўғай вилоятининг Шумли-Олик қишлоғи чеккасида содир бўлган. Маълум бўлишича, чақмоқ уриши вақтида чўпон телефонда гаплашган.