Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотин-қизлар ва оила масаласи – инсоният келажагига дахлдор мавзу

Самарқандда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Унда йигирмадан ортиқ давлатдан қирқ нафарга яқин хорижий меҳмонлар  -  Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котибияти, аёллар тараққиёти ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва тузилмалари мутасаддилари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига  аъзо давлатларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи давлат органлари раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг видеомурожаати тингланди.

Сенат раиси хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланиши, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашга устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати – соҳага оид йирик ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Шунингдек, тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари доктор Тариг Али Бахит, Ўзбекистон  Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги аёллар тараққиёти ташкилотининг биринчи ижрочи директори Афнан ал-Шуайби, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева сўзга чиқиб, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда эришилаётган натижаларга эътибор қаратдилар. Мазкур халқаро форум эса Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва ўзаро тажриба алмашишига хизмат қилишини таъкидлади.

– Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги эришилган ютуқлар ва ташаббусларни кўриб чиқиш, бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашиш мазкур форумнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. – Бундан ташқари, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, хотин-қизларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини оширишдаги иштирокини кенгайтириш кўзда тутилган.

Очилиш маросимидан сўнг форум шуъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.

Бу мажлисларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш механизмлари, хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва IT га кенг жалб этиш, иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, глобаллашув жараёнларида оилавий қадриятларни сақлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари, мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, депутатларнинг ушбу йўналишлар бўйича маърузалари тингланди.

– Мисрда аёлларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари ўтган аср 90-йилларида таъминланган ва шундан кейин бошқарув ва сиёсий доираларда ҳам хотин-қизлар фаоллиги кўзга ташлана бошлаган, – деди Миср Араб Республикаси Аёллар миллий уюшмаси президенти Мая Морсий. – Улар мамлакат ва халқ тақдири учун қарорлар қабул қилишда иштирок этмоқда. Кейинчалик, бу ҳуқуқ ва ваколатлар 2013 йилда қонун билан тасдиқланди. Лекин ҳали хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар, тўсиқлар бор ва уларнинг ҳал этиш йўлидаги ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Биз аёлларнинг сиёсий доираларда иштироки муҳим деб ҳисоблаймиз ва буни таъминлаш асосий мақсадларимиздан биридир. Бунинг учун етакчи аёллари сафини кенгайтариш ва салоҳиятини ошириш зарур. Бу борадаги ишлар БМТнинг барқарор ривожаниш мақсадларига ҳам тўла мос келади.

Жазоир миллий бирдамлик, оила ва аёллар ишлари вазири Каутар Крейко Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилинган, зарур чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса-да бу борада камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар мавжудлигига эътибор қаратди.

– Аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ишлар туфайли улар жамиятда ўз ўрнига эга бўлмоқда, – дейди Каутар Крейко. – Бошқарув идораларида ишлаши учун кафолат берилмоқда ва давлат томонидан ҳимояланмоқда. Шунга қарамай диний тенгсизлик ёки бошқа масалалар баҳонасида аёллар ҳуқуқлари поймол этилиши кузатилади. Албатта, бунга қарши давлат томонидан чоралар кўрилмоқда. Айни пайтда Жазоир раҳбарияти мамлакатимиздаги хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга Фаластиндаги зўравонликларга, аёллар ва болаларга бўлаётган нохолис муносабатга қаршилигини билдириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маъруфова мазкур форум айни пайтда юртимизда илк бор ўтказилаётган “Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги”га тўғри келганига урғу бериб, ушбу мақсадларнинг бешинчиси гендер тенглик масалаларига қаратилганини таъкидлади.

– Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш мақсадида 40 дан ортиқ муҳим концептуал ҳужжатлар, қонунлар қабул қилинди, – деди Г.Маъруфова. – Миллий қонунчилигимизда “гендер экспертиза”, “гендер аудит” деган тушунчалар пайдо бўлди. Шу йил 11 апрелда эса “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи ўзгартишлар киритилди. Бу эса хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида давлатимиз барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 8 поғонага кўтарилиб, 166 давлат орасида 69 ўринни эгаллади.

Форумда кўриб чиқилган масалалар, муҳокама этилган мавзулар якунлари бўйича коммуникe қабул қилинди. Унда иштирокчилар хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётида кенгроқ иштирок этишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш тарафдори эканлигини билдириб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг аёллар етакчилигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди. Шунингдек, молиявий инклюзивликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш ва инвестициялар ва бозорларга кириш имкониятларини яхшилаш бўйича биргаликдаги ҳаракатларини кучайтириш муҳим деб ҳисоблайди.

Форум якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари доктор Тариг Али Бахит, Ўзбекистон  Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева тадбирлар юксак савияда ўтганини таъкидлаб, унда муҳокама этилган масалалар нафақат ИҲТга аъзо давлатлар, балки дунёдаги барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамият бўлганини қайд этди.