ХХ аср давомида дунё хариталаридан йўқолиб қолган давлатлар
ХХ асрда вақти-вақти билан дунёнинг сиёсий харитасини қайта чизишга тўғри келган кўплаб воқеалар содир бўлди. Иккинчи жаҳон уруши ва маҳаллий можаролар мавжуд давлатларни том маънода ўз комига тортиб юборди, уларни парчаланиш ва заифланишга мажбур қилди.
Йигирманчи асрнинг бошларида бир неча ўнлаб давлатлар мавжуд бўлиб, кўпчилик ерлар уларнинг мустамлакалари ҳисобланган ва ўз-ўзидан равшанки, улар мустақил бирликлар бўла олмаган. Шунга қарамасдан ХХ аср охирига келиб, икки юздан ортиқ давлат бор эди, бироқ йигирма биринчи юзйилликка ҳамма ҳам кира олмади.
Цейлон
Ушбу Жанубий Осиё давлати деярли беш аср давомида (1505-1972) мавжуд бўлган. Бугунги кунда давлат Шри-Ланка давлат социалистик Республикаси сифатида танилган. Ўзининг бой плантациялари туфайли VII асрдан бошлаб Цейлон араб мамлакатлари кейинроқ эса Европа мамлакатлари билан фаол савдо алоқаларини олиб борган. Вақти-вақти билан ҳудудларни португаллар, голландлар ва инглизлар бошқариб турган. Цейлон 1948 йилда Буюк Британиядан мустақилликка эришди ва 1972 йилда ўз номини ўзгартирди.
Чехословакия
Асвтрия-Венгрия империяси харобаларида ташкил топган Чехословакия фашистлар унинг ҳудудига бостириб киргунга қадар, яъни 1918 йилдан 1938 йилгача тинч-тотув яшаб келган.
1945 йилда Қизил армия давлатни озод қилди ва давлат бошига Иттифоққа содиқ ҳукуматни қўйди. СССР парчаланганидан кейин Чехословакия ўз мустақиллигига эришди, шундан сўнг 1992 йилда чехлар ва словаклар мустақил икки давлатга бўлинди.
Бирлашган Араб республикаси
Бир вақтнинг ўзида Ғарбий Осиё ва Шимолий Африкада жойлашган Яқин Шарқ мамлакатидаги давлат. Шуниси эътиборга лойиқки, у 1958 йилда Сурия ва Мисрнинг умумий душмани - Исроилга қарши сиёсий иттифоқлик натижасида ташкил топган. Уч йил ўтгач, Сурия ички келишмовчиликлар туфайли иттифоқни тарк этди ва ҳозирги Миср 1971 йилгача БАР деб номланган.
Югославия
Югославия 1918 йилда Австрия-Венгрия қолдиқларидан ташкил топган яна бир давлатдир. У турли урф-одат ва маданиятларга эга 20 дан ортиқ этник гуруҳларни бирлаштирган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида давлат немислар томонидан босиб олинган. Озодликдан сўнг инқилобчи ва Югославия партизанлари етакчиси Иосип Броз Тито мамлакатга раҳбарлик қилди ва социалистик йўналишни бошқарди. Тито вафотидан кейин ижтимоий-иқтисодий вазият кескин ёмонлаша бошлади. 1991 йил инқирози натижасида олтита республикадан тўрттаси: Хорватия, Словения, Македония, Босния ва Герцеговина ўз мустақиллигини эълон қилди. Косоводаги серб ва албанлар ўртасида бошланган миллатлараро можаро БМТ ва НАТО тинчликпарвар кучларининг аралашувидан сўнг якунланди. Қолган икки – Черногория ва Сербия республикалари эса фақат 2003 йилда мустақиликка эришди.
Тибет
Тибет Марказий Осиё ҳудудидаги энг қадимги давлатлардан бири бўлиб, унинг тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Лекин айнан 1912 йилга келиб Далай-Лама–XIII Тибетнинг Хитой Халқ Республикасидан мустақиллигини ва Тибет давлати ташкил этилганини эълон қилди. Бу ҳолат Хитойни қаноатлантирмади. 1949 йилда ҳокимият тепасига Мао Цзедун келди ва 1950 йилда Хитой Шарқий Тибетга ҳужум қилиб, давлатни эгаллаб олди. Ўшандан буён ХХР таркибида автоном вилояти бўлиб қолган Тибет барибир ўз мустақиллигига интилиб келмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.