Ядровий давлатлар ўз арсеналларини фаол равишда модернизация қилмоқда, жойлаштирилган ядро каллаклари сони ортмоқда
Ядровий давлатлар, жумладан, Россия ва АҚШ арсеналларини фаол равишда модернизация қилмоқда ва Украина можароси фонида жойлаштирилган ядро каллаклари сони тобора ортмоқда, дея хабар беради Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI).
SIPRI статистик маълумотларига кўра, 2023 йил январь ойида Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил каби давлатлар жами 12512 та ядро қуролига эга бўлиб, улардан 9576 таси потенциал фойдаланиш учун омборларда бўлган. Бу 2022 йил январь ойига нисбатан 86 донага кўпдир. Шу билан бирга, икки мингга яқин жанговар каллаклар юқори шай ҳолатда эди, дея қайд этилади ҳисоботда.
Шунингдек, 2023 йил бошида жойлаштирилган жанговар каллаклар сони бўйича Қўшма Штатлар 1770 дона, Россия 1674 дона билан етакчи экани айтилади. Ҳар икки давлат биргаликда барча ядро қуролларининг қарийб 90 фоизига эгалик қилади. Улардан кейин мос равишда 280 ва 120 бирлик билан Франция ва Буюк Британия туради.
SIPRI маълумотига кўра, Хитой ядровий арсеналининг ҳажми 350 дан 410 тагача ўсган. Рақамлар ўсишда давом этиши кутилмоқда. Ўн йиллик охирига келиб Хитой ўз ядро арсеналини АҚШ ва Россия даражасига етказиши мумкинлиги айтилмоқда.
2022 йилда ядровий арсеналини кўпайтирмаган Буюк Британия ҳам жанговар каллаклар захирасини тўплаши мумкин.
Франция ҳам ядро дастурини ривожлантиришда давом этмоқда. Париж ядро қувватига эга учинчи авлод баллистик ракетали сув ости кемаси, шунингдек, ҳаводан учириладиган янги қанотли ракетани ишлаб чиқмоқда.
Ўз навбатида, Ҳиндистон ва Покистон ядро арсеналларини кенгайтираётган кўринади. Ҳар икки давлат 2022 йилда ядровий етказиб бериш тизимларининг янги турларини ишлаб чиқишда давом этган. Покистон ҳиндларнинг ядро қуролининг асосий нишони бўлишига қарамай, Хитойнинг нишонларини “бутунлай” уришга қодир узоқ масофали тизимларни фаол равишда ишлаб чиқмоқда.
Ҳисоботга кўра, КХДР ҳарбий ядро дастурига устувор аҳамият беришда давом этмоқда. 2022 йилда Шимолий Корея ядровий портлашлар ўтказмаганига қарамай, раҳбарияти 90 дан ортиқ ракета синовини ўтказди. Пхеньянда ҳозирда 30 га яқин жанговар каллаклар ва 50-70 та каллак ишлаб чиқариш учун етарли материал мавжуд.
Тадқиқотчилар ядро қуроли мавжудлигини омма олдида тан олмайдиган Исроил ҳам ядро арсеналини модернизация қилаётганини эслатиб ўтишган.