«Янги авлод»нинг эски муаммолари
Кейинги пайтда ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш борасида “маҳаллабай” ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ёки туман марказларига яқин қишлоқлар доим эътиборда. Лекин олис ҳудудлар-чи? Бу масканларда аҳвол қандай?
Паст Дарғом туманининг чекка ҳудудида жойлашган Янги авлод маҳалласи мисолида қишлоқ аҳлининг бугунги ҳаёти билан яқиндан танишдик.
Мухбирлар бормаган қишлоқ
Айтишларича, маҳалла маркази бўлган Гумбаз қишлоғи ўтган асрнинг етмишинчи йилларида жуда чиройли, кўркам шаҳарча бўлган экан. Мактаб, боғча, кинотеатр каби иншоотлар ўша пайтларда қишлоқ кўркини очган бўлса-да, йиллар давомида эътибордан четда қолганлиги учун бугун ачинарли ҳолга келиб қолган. Маҳаллада ким билан суҳбатлашмайлик, “Қишлоғимизга шу пайтгача фото ёки видеокамера кўтарган мухбир келганини эслолмаймиз. Аммо кўпгина “катта”лар суратга тушириб кетган, натижа бўлмаган”, деган гапларни такрор-такрор эшитдик. Биз газета ва сайтимиз орқали ёритсак, муаммоларига ечим топилишидан умид қилиб, улар бирин-кетин дардларини айтишди.
- Қишлоқни айланинг, шароит билан танишинг, - деди маҳалла нуронийларидан Содиқ Муродов. – Яқин йиллар ичида янги қурилган бинога кўзингиз тушмайди, кўчаларимиз лой. Ичимлик суви муаммо. Кўпгина хонадонларга суюлтирилган газ баллонлар ҳали етиб бормаган. Борганлариям бўшаб қолса, ўз вақтида алмаштирилмайди. Ишсизлик ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
Эътиборимизни тортган қўнғироқ ва қўлбола “батарея”лар
Маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашиб, “мунғайибгина” турган эски иморатларни кўздан кечираётганимизда ҳар йили 25 май куни мактаб битирувчилари чаладиган қўнғироқ жаранги эътиборимизни тортди. 3 та қишлоқ болалари таълим-тарбия оладиган билимлар масканига бордик.
- Нолимаслигимиз керак, кейинги йилларда электр энергияси таъминоти анча яхшиланди, - дейди 96-умумий ўрта таълим мактаби директори Мақсуда Долиева. – Баъзан узилишлар бўлганда шу қўнғироқдан фойдаланамиз. Мактабимиз биноси эски, 1977 йилда қурилган. Ҳалигача бирор бир дастур асосида таъмирлаш ёки реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Шу пайтгача синфхоналаримизни турли хил печлар билан иситар эдик. Яқинда 4 та замонавий қозонхона ўрнатилиб, иситиш тизими қувурлари тортилди.
Шундай бўлса-да, ўқувчилар дарсда қишки кийимда ўтириши бизни ҳайрон қолдирди. Синфхоналар совуқ бўлмаслиги учун темир қувур (профил)лардан ясалган қўлбола “батарея”лар ўрнига замонавийлари ўрнатилиши керакдир, балки?!
Ўқувчилар бизники, уларнинг муваффақиятлари эса...
- Мактабимизда бор имкониятлардан фойдаланиб, 288 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келяпмиз, - дейди мактаб директори ўринбосари Парда Турсунов. - Ҳар йили камида 2-3 нафар битирувчимиз олий ўқув юртига ўқишга кирар эди. Ўтган 2019-2020 ўқув йилида мактабимизни тамомлаган йигит-қизлардан ҳеч бири талабалик бахтига муяссар бўлмади. Шу мавзудаги бир воқеани эсласам кўнглим оғрийди. 10 йил шу мактабда ўқиган икки нафар ўқувчимиз, 11-синфга кўчгач, ота-онаси билан келиб, дарсларга қатнашмасдан “репетитор”га боришини айтди. Биз эса уларга рухсат бермадик. Кейин ўқишини бошқа мактабга кўчирди ва ўша ердан аттестат олди. Бугун улар талаба... Айнан 2020 йилда битирган ўқувчиларимиз ўқишга киролмаган бўлса-да, аввалги йилларда мактабимизни тамомлаган фарзандларимиздан 10 га яқини олий таълим муассасаларида ўқияпти. Ёшларимиз билимга чанқоқ. Қишлоғимиз турмуш шароити оғир бўлгани учун ҳам улар ўқишга ва туман маркази ёки шаҳарда яшашга интилади. Собиқ ўқувчиларимиз орасидан нуфузли ташкилотларда меҳнат қилаётган малакали мутахассислар, олимлар, депутатлар, ҳарбийлар, спорт чемпионлари, давлат мукофоти соҳиблари бор.
Онлайн дарсларда қийналдик
Қишлоқда мобиль алоқа сифати яхши эмаслиги ёшларни қийнаб келаётган муаммолардан бири экан.
- Айниқса, бу пандемия даврида яққол кўзга ташланди, - дейди мактаб ёшлари етакчиси Озод Ўринов. – Дарслар онлайн бўлиб, ўқувчи ва талабалар қўл телефонлари орқали интернет тармоғидан фойдаланиши керак эди. Бу пайтда албатта, алоқанинг ёмонлиги панд берди. Қишлоғимиз ёшлари уйда дарс тайёрлаб, 2-3 километрлаб масофа кезиб, алоқа яхши жойни излаб овора бўлишди.
Томи лойсувоқ боғча
Кейинги манзилимиз қишлоқдаги мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Боғча ҳовлисига кириб борарканмиз қулоғимизга эртак айтаётган тарбиячи опанинг овози эшитилди. Димоғимизга чала ёнган кўмир иси урилди. Деразадан чиқарилган мўрилар бу ерда “буржуйка” печлардан ҳали воз кечилмаганидан дарак бериб турарди.
- Яширмайман, муаммоларимиз кўп, - деди хўжалик мудири Умида Тожиева. – Боғчамиз замонавий иситиш тизимига эга эмас. Ҳовлида болалар ўйнайдиган майдончалар бугунги талабга жавоб бермайди, арғимчоқлар йўқ. Атроф пахса девор билан номигагина ўралган. Иккита биномиз қурилганига эллик йилдан ошган. Бирининг томига бир пайтлар шифер қоплангану, иккинчисиники лойсувоқ. Шароит оғир бўлсаям, тарбиячиларимиз қўлидан келганча 60 нафар болани тарбиялаб келяпти.
Сув ташиш азоблари
Гумбаз қишлоғида бир пайтлар ҳар бир хонадонга алоҳида қувурлар орқали ичимлик суви кириб борган. Бугун эса бу қувурлар муддатини ўтаб бўлган.
- Эски “башня” ёнидаги крандан чиқадиган сувдан қишлоқ аҳолисининг ярми фойдаланади, - дейди Аброр Рустамов. – Бу ерда бир кунда 1-2 соат сув берилади. Шу пайт ҳамма сув ташиб қолади. Қолганлар эса зах ариқ бўйидаги икки булоқдан ичишади. Уларга сув иншоотига қараганда булоқлар яқинроқ. Ёзда чанг, баҳорнинг ёғингарчилик кунларида лой, қишда яхмалак кўчаларда сув ташиш осонмас.
Ўзингнинг машинанг бўлмаса...
Айтишларича, қишлоқда йўловчиларга қонуний транспорт хизмати кўрсатувчи бирорта автомобиль ёки автобус йўқ. Ноқонуний ҳаракатланиб юрган айрим ҳайдовчилар қишлоқ билан туман марказини боғлайдиган кўчага йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт бошқармаси ходимлари текширишга чиқибди, деган миш-мишни эшитиб қолса, улар ҳам қатнамай қўяр экан.
- Бир пайтлар 3-4 маҳал келиб-кетиб турадиган автобуслар қатнови тўхтаб қолган, - дейди Маҳфуза Ҳасанова. – Ўзининг шахсий автомобили бор одамларга билинмайди, бошқалар учун шаҳарга бориб келиш қийин. Таксилар 8-10 минг сўмдан қатнайди. Қишлоғимиз аёллари асосан қорамол ва парранда боқиб, сут-қатиқ, тухум сотиб рўзғор қилади. Масалан, қайта ишлаш корхоналари вакиллари қишлоғимизга келиб, сутнинг литрини 2500 сўмдан сотиб олиб кетишади. Туман марказидаги бозорга бориб қимматроққа сотиб келиш мумкин, аммо йўл кирани ҳисобласак, “икки ўн беш - бир ўттиз” бўлади.
Маҳаллада бор-йўғи бир нафаргина тадбиркор бор экан. Унга қарашли озиқ-овқат дўкони, ошхона ва сартарошхонадан бошқа савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси йўқ.
Кўрган-кечирганларимиз бизда Гумбаз Паст Дарғомнинг четидагина эмас, эътибордан ҳам четда қолгандек таассурот қолдирди.
Бугун маҳаллабай юрган масъуллар Гумбазга ҳам борармикан? “Янги авлод”нинг муаммоларини эшитармикан, уларга ечим топармикан?...
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов,
Zarnews.uz.