Янги қонун бизга нима беради?
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Хўш, бу янги қонун бизга нима беради? Биз ушбу савол билан Сенат аъзоси, вилоят ҳокими Э.Турдимовга мурожаат қилдик.
Биринчидан, хусусийлаштириш объектлари ва хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари ҳамда хусусийлаштириш субъектлари доираси, ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари белгиланди.
Иккинчидан, бўш турган ер участкаларини, давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма, хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматига доир нормалар мустаҳкамланди.
Учинчидан, хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Хусусан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.
Ер участкаси унда жойлашган давлат кўчмас мулк объекти билан бир вақтда хусусийлаштирилган тақдирда, ер участкаси ва кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи учун ягона давлат ордери расмийлаштирилади.
Тўртинчидан, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқининг хусусийлаштириш субъектлари бўлмаган шахсларга ўтиши, хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини тугатиш, олиб қўйилаётган хусусийлаштирилган ер участкасининг қийматини аниқлаш, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олиш, реквизиция қилиш ҳамда мусодара қилишга доир нормалар киритилмоқда.
Бешинчидан, хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмлари очиб берилди.
Олтинчидан, фуқароларимиз томонидан, уларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти мавжуд эмас эди. Ер бозорини тўлиқ шакллантиришга ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришда тенг ҳуқуқларни беришга имкон йўқ эди.
Янги қонун орқали ерларни хусусийлаштириш учун аризаларни топшириш ва кўриб чиқишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиниши, ер участкаларини сотиш тартибини оптималлаштириш ва қарорлар қабул қилишда инсон омилига барҳам берилади.
Бундан ташқари, хусусийлаштирилган ер участкаларининг қийматини аниқлашнинг мосланувчан тизими яратилмоқда, бу эса ўз навбатида кенг қатламли аҳоли учун хусусийлаштиришнинг жозибадорлигини ва ҳаммабоплигини оширишга имкон беради, деб ҳисоблайман. Яна бир муҳим жихати, энди ерни ижарага бериш, гаровга қўйиш ва сотиш мумкин. Бу эса жуда катта имконият дегани.
Еттинчидан, янги қонун билан, хусусийлаштирилган тушган пул маблағларни маҳаллий давлат ҳокимияти орқали ихтиёрида қолиши назарда тутилмоқда. Бу эса маҳаллий ҳокимликларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга кўмак бўлади.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши ер бозорининг шаклланиши ва ривожланишига, кўчмас мулк бозорининг жадал ўсишига, аҳолининг кредитга лаёқатлилиги ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга имкон яратади.