“Яшил макон”: Бу йил кузда Самарқандда 10,2 миллион туп кўчат экилади
Юртимизда “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми бошланди. Жорий йил кузда ўтган йиллардагидан фарқли равишда 10 миллион 208 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича режа белгилаб олинган (ўтган йилларда баҳорда 10 миллион туп, кузда эса 6,5 миллион туп кўчат экиларди).
Вилоятдаги 10 та ўрмон хўжалиги ва хусусий сектор томонидан куз мавсуми учун 14 миллион туп кўчат захираси яратилди.

Барча туман ва шаҳарлар ҳудудида кўчат ярмаркалари ташкил қилиниб, илмий, амалий семинарлар ўтказилмоқда. Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўли ёқаларида кўчат ярмаркалари ташкил қилинган. Булунғур, Паст Дарғом, Оқдарё, Ургут, Пахтачи туманларида семинарлар ташкил этилди.
Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон - 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Паст Дарғом, Самарқанд ва Нуробод туманларида “Яшил белбоғ”лар ташкил этилади. Барча шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 16 та ҳокимлик боғлари ҳамда сояли-сайил кўчалар барпо этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги “Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган "Менинг боғим" лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташаббусли бюджет портали орқали 16 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларга лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунга асосан “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари” барпо қилинади.

Атроф-муҳитга таъсири хавфли саноат корхоналари томонидан куз мавсумида 194 минг туп ҳамда 12 та чиқинди полигони атрофида 15 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги фармойишига асосан, ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги муносабати билан жорий йил куз мавсумида Самарқанд шаҳар “Қорасув” масканида 5 гектар майдонда 1,5 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилиб, “Яшил боғ” барпо қилинди.
Экилган кўчатларни суғориш мақсадида 32 та суғориш қудуғи ва 64 километр масофада суғориш тармоқлари тортилади.

Ўтган йиллардан фарқли равишда экилган ҳар бир кўчатни парваришлаш учун аниқ масъуллар бириктирилиб, назорат қилинмоқда. Доимий сув билан таъминлаш учун томчилатиб суғориш тизимлари, агарда бунинг имкони бўлмаса, ташиб суғориш тизимлари жорий қилинмоқда. Экилган ниҳоллар, бута ёки дарахт кўчатлари бўйича масъул бириктирилмаган тақдирда кўчат экилмаган ҳисобланади ва электрон базада қабул қилинмайди. Шу боис ҳар бир экилган кўчат қатъий назоратга олинади.
Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш ва белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шерали Искандаров,
вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.