Яхши астрономлар Ўзбекистондан чиқмас экан, қаердадир хато қиляпмиз

Астраномияни ўрганиш ҳар бир даврнинг долзарб масалаларидан бири бўлган. Бу фанни ривожлантиришни маълум босқичларга бўлиш мумкин. Узоқ ўтмишда одамлар тун пайти осмонга қараганда юлдузларни кўрган ва уларнинг пайдо бўлиши, ҳаракати ҳақида қизиққан. Буни биринчи босқичнинг бошланиши дейишимиз мумкин. Бу босқичнинг юқори чўққиси, шубҳасиз, буюк мунажжим Мирзо Улуғбек даврига тўғри келади. Бу астраномиянинг оптик кузатишларсиз давридир.

XVI асрда италиялик физик олим Галилео Галилей оптик асбобларни яратди. Шундан сўнг 400 йил давомида астраномияда оптик кузатиш даври бўлди. Аввало 3 сантиметрлик, кейинчалик 30 метргача бўлган телескоплар пайдо бўлди. Коинотда галлактикалар борлиги аниқланди. Иккинчи босқичнинг чўққиси эса XX асрнинг энг буюк кашфиёти - сунъий йўлдош сайёрага олиб чиқилган давр.

Астрономия фани учун атмосфера тўсиқ саналади. Бошқа диапазонда келаётган нурларни ўтказмайди, уни сочиб юборади. Атмосфера шаффоф бўлсагина кузатишлар ижобий натижа беради. Ўзбекистон ҳудуди коинотни кузатиш ва ўрганиш учун дунёдаги кам сонли қулай нуқталардан бири. Масалан, Бразилиядан доимо энг яхши футболчилар чиқиб турмаса, улар буни салбий ҳолат санайди. Чунки у ерда йил бўйи, 365 кун футбол ўйнайдиган об-ҳаво бўлади. Худди шундай энг яхши астрономлар Ўзбекистондан чиқмаса, қаердадир хато қилаётган бўлишимиз керак.

Германияда техника музейи бор. Диққат билан томоша қилсангиз уни икки кунда ҳам айланиб чиқолмайсиз. Бу ерда бўлган бола астрономиядан бошқа нарсага қизиқмай қўяди. Ўзбекистонда ҳам ана шундай астрономик парк ташкил этиш режалаштириляпти. Аслида, ўсиб келаётган ёш авлод учун астрономия, умуман, бошқа фанлардан ҳам шунчаки назарияни айтиб беришнинг ўзи етарли эмас. Улар барчасини ўз кўзи билан кўриши, кузатиши керак.

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан фанни ривожлантиришга эътибор қаратилиб, ҳатто бу бўйича 2017 йил 14 сентябрда алоҳида қарор ҳам қабул қилинди. “Улуғбек мактаби” ташкил этилди.

Бугунги кунда юртимизда истеъдодли физик ва астрономлар етишиб чиқмоқда. 2019 йил Чехияда бўлиб ўтган ёш олимлар танловида Арман Турсунов биринчи ўринни эгаллади. У 28 ёшида физика-математика фанлари доктори бўлди. Яна бир ёш олим Аҳмаджон Абдужабборов 31 ёшида докторлик дицертациясини ёқлади. Аҳамиятлиси, уларни назардан четда қолдирмаслигимиз керак. Айрим ёшларимиз борки, уч-тўрт сўм пул топиш мақсадида репетиторликка қизиқиб, илмий иш билан шуғулланмай қўйяпти. Ана шундай ёшларни илм даргоҳларига жалб қилишимиз керак. Бугун илмий тадқиқот институтларида маошлар бир неча баробар ошган. Олимлар учун қулай имкониятлар яратиляпти.

Албатта, ҳар бир соҳани ривожлантириш учун моддий-техника базаси ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Айниқса, бу астрономия учун жуда муҳим.

Астрономияни ўрганиш учун моддий таъминотдан ташқари икки муҳим масала мавжуд. Биринчиси, маълумотга эга бўлиш, иккинчиси эса муҳокама. Маълумот бўлмаса нимани ўрганишни билмайсиз, муҳокама бўлмаса бажарилган ишдан олинган натижани.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларини яхши эслайман. Дунёда чиқаётган илмий мақолалар рўйхати фақат Москвадаги бир журналда бериларди. Биз уни давлат кутубхонасига келсагина билардик. Бирор бир мақола билан танишиш учун журнал таҳририятига сўров юбориб, бизга нусха жўнатсагина ундаги янгилик билан танишиш имконимиз бўларди. Аммо бир йилдан сўнг мақола ўз долзарблигини йўқотар эди. Ҳозир эса соҳага оид ҳар кунлик янгиликлардан хабардор бўлиб бориш имкони мавжуд.

Германияда ўтказилган тадбирлардан бирида айтилдики, Ўзбекистон олимлари томонидан бир йилда чоп этилаётган илмий мақолалар сони 420 та экан. Буни кўрсаткич, деб бўлмайди. Мамлакатимизда 80 та олий таълим муассасаси мавжуд. Улардаги илмий салоҳиятни оширишимиз керак. Буни бугун бошламасак эртага кеч бўлади. Таълим муассасаларида халқаро тилларни самарали ўқитишни йўлга қўйиш лозим. Хорижий тилларда мулоқот қилишни, ёзишни билмаган олим четда қолиб кетаверади.

Айрим мамлакатларда ёшлар 10 та мақола ёзиб, магистрлик ишини ёқлаётган бўлса, бизда 2 та мақола чиқариб доктор бўляпти. Бу ҳам оғриқли нуқталаримиздан.

Талаба бакалавриат босқичида инглиз тилини ўрганиб бўлиши керак. Бунинг учун таътилда тил ўрганиш курсларини ташкил этиш зарур.

Олий ўқув юртлари билан илмий тадқиқот институтлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лозим. Таълим муассасаларимизнинг нуфузи юқори бўлса, четдан талабалар жалб этилади. Улар билан бирга юртимизга инвестиция кириб келади. Бир сўз билан айтганда, рақобатни кучайтиришимиз керак. Зеро, рақобат бор жойда ривожланиш бўлади.

Бобомурод АҲМЕДЕВ,

Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.