Йиғилиш маданияти, у бизда қай даражада шаклланган?

Кейинги пайтда аҳоли ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолавҳа ва аудиоёзувлар ана шу саволни юзага чиқармоқда.

Одатда, муҳим масалалар, маърака ва маросимлар шу ишга дахлдор кишилар иштирокида аввал муҳокама қилиб олинади, унинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинади. Бу машварат, маслаҳат ҳам деб номланади. Ҳозирги давр тилида айтганда йиғилиш, мажлис.

Бундай йиғинларда эл ўртасида обрўли, сўзи салмоқли кишилар, бирор ишга масъуллар жам бўлади ва уларнинг ҳар биридан фикр сўралади. Айтилган фикрлар, таклифлар, хулосалар – ҳаммаси тарозига қўйилиб, энг мақбуллари танланади, шунга қараб вазифалар, юмушлар тақсимланади. Мақсад – кутилаётган тадбирни кўнгилдагидек ўтказиш, белгиланаётган юмушни бекаму кўст адо этиш.

Демоқчимизки, муҳим масалаларни кўпчилик иштирокида муҳокама қилиб олиш кеча ёки бугун пайдо бўлган тадбир эмас. Сиёсат ёки тузум туфайли юзага келган дейиш ҳам нотўғри бўлади. Азалдан ота-боболаримиз шундай йўл тутган, ҳар бир ишни маслаҳат билан бошлаган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз тузукларида салатанатни кенгаш билан бошқарганини қайд этган.

Афсуски, бугун турли идоралар, бошқарув органлари йиғилиш, мажлисларини кенгаш, маслаҳат ва машваратга қиёслаб бўлмайди. Бу йиғинлар гўё айрим раҳбарларнинг қўл остидагиларни кўпчилик олдида изза қиладиган, обрўсизлантирадиган, ҳатто ҳақоратлашгача борадиган мажлисига айланиб қолган. Шунинг учун ҳам йиғилишга деб чақиришса, юрак ҳовучлаб келадиганлар бор. Бундай тадбирлардан юрак оғриғини орттириб олганлар қанча?!

Давлат раҳбарининг қайта-қайта огоҳлантиришлари туфайли дам олиш кунлари ёки иш вақтидан ташқари пайтда мажлис ўтказиш ҳолатларига чек қўйилди (Шунда ҳам қуйи тизимдаги айрим раҳбарлар бу тарзда йиғилиш ўтказишга уринаётганини эшитяпмиз).

Гарчи бугун анча камайган бўлса-да, иштирокчиларни йиғилишга белгиланган вақтдан анча олдин чақириш ҳолатлари учрайди. Кўпинча бундан раҳбарнинг хабари ҳам бўлмайди, мажлисга масъуллар “явка”ни таъминлаш учун шундай йўл тутади. Кейин қўл телефонни ташқарида қолдириб кириш талаби қўйилади. Бунга ҳам турли важлар кўрсатилади. Аммо йиғилишдаги гап-сўзларни ёзиб оламан, буни ижтимоий тармоқда тарқатаман, деган одам бошқа воситалар ва йўллар билан ҳам бу ишни қилиши мумкин-ку. Ёки мажлисда қатнашган одам у ердаги гапларни жамоасида, бошқа даврада айтмайдими? Раҳбарнинг кимга қандай муносабатда бўлгани, кимни ҳақорат қилгани ҳақидаги гап йиғилишдан сўнг дарров тарқаляпти-ку.

Йиғилишларни бу тарзда ёпиқ, муомала-муносабат чегарасидан чиққан ҳолда ўтказишдан кўра, ҳар кимнинг фаолиятига зиммасидаги вазифа ва мажбуриятини қай даражада бажараётганига қараб баҳо бериш, қонуний чора кўриш маъқул эмасми? Шундай йўл тутилганда иш тартибли кетаётгани, ортиқча гап-сўзлар чиқмаётганини ҳам кўряпмиз-ку.

Айрим раҳбарларга бу ҳақда айтсангиз, йиғилиш қилиб, одамларга қаттиқ гапирмасангиз иш кетмайди, деб баҳона қилишади. Ёки шу йўл билан қўл остидагиларни тартибга чақирмоқчи, иш бир маромда кетишини таъминламоқчи бўлишади. Аслида эса берилган топшириқларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши вазифаларнинг тўғри ва адолатли қўйилиши, жамоада тартиб-интизом таъминланганига боғлиқ.

Нега кўпчилик хусусий сектор ёки хорижий компанияларда ишлашни маъқул кўрмоқда? Сабаб – бу жамоаларда ҳар кимнинг ўз вазифаси, мажбурияти бор. Ундан ўз мажбуриятидан бошқа нарса талаб қилинмайди. Ҳар ким ўз ишини қилади ва ишдан ташқари вақтини ўзи белгилайди, оиласи даврасида ўтказади, дам олади.

Бугун давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ҳам инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш, иш берувчи ва ходим муносабатларида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди, тартиблар ишлаб чиқилди. Гап ана шу ҳужжатларнинг ижроси таъминланишида қолмоқда.

Ғолиб ҲАСАНОВ.