Йил якунигача вилоятда туризм хизматлари экспорти 500 миллион долларга етиши кутилмоқда. Бу ниманинг ҳисобига бўлади?

Жорий йилнинг олти ойи давомида вилоятга 1 миллион 253 минг хорижий, 1 миллион 742 минг нафар маҳаллий сайёҳлар келган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу 1,4  баробарга кўп дегани. Йил бошидан буён туризм хизматлари экспорти 301,3 миллион долларни ташкил этиб, туристларнинг Самарқандда қолиши қарийб икки баробарга узайган.

Вилоят туризм бошқармаси маълумотларига кўра, шу йилнинг биринчи ярмида вилоятда 910 ўринли 6 та меҳмонхона, 11 та хостел, 40 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиб, 45 та туристик компания фаолияти йўлга қўйилган ва уларнинг умумий сони 347 тага етган. Йил бошидан буён 255 миллиард 850 миллион сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилган. Жумладан, 132 миллиард сўмлик 6 та меҳмонхона, 55 миллиард сўмлик битта санаторий-соғломлаштириш маркази, 13 миллиард сўмлик 3 та экотуризм дам олиш маскани, шунингдек, транспорт хизмати, логистика, автокемпинг ва бошқа хизматлар лойиҳалари ишга туширилган. Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида Венгрия, Испания, Қирғизистон, Буюк Британия, Янги Зеландия, Тожикистон ва Хитой Халқ Республикаларида “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” номли кўргазмаларда вилоятимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилган.

- Самарқанд кейинги пайтда халқаро тадбирлар мезбони сифатида бутун дунё нигоҳини ўзига қаратяпти ва вилоятимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар оқими ҳам кўпайиб бормоқда, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов. - Жумладан, қисқа фурсатда Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати, “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси, “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали, триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси ҳамда дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси  ўтказилди. Мазкур нуфузли тадбирларда қитъамизнинг 100 дан зиёд мамлакатидан турли соҳа вакиллари келди.

 Йилнинг иккинчи ярмида вилоятимизга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 2,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда йил якунига қадар яна 30 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий туризм фестиваллари, форум, конференция, концерт-томоша ва бошқа турдаги оммавий тадбирлар ўтказилади. Шунингдек,  вилоятнинг туризм имкониятларини хорижий давлатларда тарғиб этиш ва бу орқали хорижий туристлар ва инвестицияларни жалб этиш мақсадида халқаро туризм кўргазмаларида вилоятимиз сайёҳлик салоҳияти намойиш қилинади.

Хусусан, 26-29 сентябрь кунлари Япониянинг “Tourism EXPO Japan 2024”, 3-6 октябрь кунлари Малайзиянинг “INTAC” (The International Tourism and Cultures, Exhibition&Conference), 22-26 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги “Gunagzhou Lighting Fair 2024” ва 21-23 октябрь кунлари АҚШнинг Маями штатида “WTE Miami” халқаро туризм кўргазмаларида вилоятнинг туризм соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этади.

Бундан ташқари, йил якунига қадар 16 та жойлаштириш воситаси (2 та меҳмонхона, 4 та хостел, 10 та оилавий меҳмон уйи), 8 та туроператор ва 7 та турагентлар фаолияти йўлга қўйилади. Нуробод туманидаги Оқсой маҳалласида “Туризм қишлоғи” ташкил этилиб, Самарқанд шаҳрида 2 та 239 миллиард сўмлик замонавий савдо-кўнгилочар маскани, Самарқанд туманида қиймати 15 миллиард сўмлик экотуризм дам олиш маскани лойиҳаси ишга туширилади. Туризм инфратузилмаларини яхшилаш мақсдида ўзбек, хитой, араб ва инглиз тилларида қўшимча 15 та туристик кўрсаткичлар, ҳудудларда Wi-Fi нуқталари ташкил этилади.

Туризм хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан маданий мерос объектларида туризм хизматлари сифатини ошириш бўйича зурурий чоралар кўрилади. Вилоятда фаолият кўрсатувчи йирик туристик ташкилотлар билан Европа, Осиё мамлакатлари ва МДҲ давлатларида сайёҳларни жалб қилиш бўйича ҳар бир ҳудуд учун туристик пакетлар ишлаб чиқилади.