Йўллар обод бўлиб, пиёдалар йўлаклари қурилиши керак. Бу қачон бажарилади?

*Давлат дастури жамоатчилик назоратида

Жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурида шаҳар ва туманлар марказларини ободонлаштиришга оид алоҳида банд киритилган. Ушбу вазифани амалга ошириш учун республика бюджетидан 1,4 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Хўш бу борада Самарқандда аҳвол қандай?

Ушбу масалани мавжуд маълумотлар асосида таҳлил қилишга уриниб кўрдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 36-сонли раёсат мажлис баёнига асосан Самарқанд вилоятида шаҳар ва туманларнинг 89,7 километр марказий кўчаларини ободонлаштириш белгиланган. Бу ишни амалга ошириш учун 109,264 миллиард сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилган.

Яъни, бу маблағ асосида туман марказларида қарийб 90 километр йўл ободонлаштирилиши, тунги ёритиш тизими ва пиёдалар  йўлакларини қуриш кўзда тутилган.

Тасдиқланган дастурда 16 та объект белгиланган. Уларга “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасининг вилоят филиали томонидан ижобий хулоса олинган. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКдан ҳам 16 та шаҳар ва тумандаги объектлар бўйича комплекс экспертизанинг ижобий хулосалари олинган.

Тендер савдолари якунланиб, бош пудратчи белгиланган.

Бир қарашда ҳаммаси жойида, батартиб ва қонуний олиб борилмоқда. Аммо вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бош пудратчи ташкилотлар томонидан 30 миллиард сўмликка яқин қурилиш ишлари бажарилган. Демак, асосий юмуш ҳали олдинда турибди. Салқин кунлар ва ҳаво совиши яқин қолганини ҳисобга олсак, ҳудудлар марказини ободонлаштиришни тезлаштириш керак, бизнингча.

Балки масъуллар бу ҳақда бошқа фикрдадир?!

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси асосида тайёрланди.