Юзлаб олимлар Байденни биринчи ядровий зарба ҳуқуқидан воз кечишга чақирди
Юзлаб олимлар АҚШ президенти Жо Байденни Вашингтон ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланишни режалаштирмаётганини расман эълон қилишга чақирди. Бу ҳақда The New York Post газетаси ёзмоқда.
Газетанинг ёзишича, 700 га яқин илмий жамоатчилик вакиллари, жумладан, 21 Нобель мукофоти совриндори Америка президентига мактуб йўллаган.
"Биз сиздан Америка ёки унинг иттифоқчиларига ҳужум қилинган тақдирдагина Қўшма Штатлар ядро қуролидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқишини эълон қилишингизни сўраймиз", дейилади мактубда. Олимларнинг фикрича, Байден шунингдек, "жойлаштирилган ядро каллаклари" сонини 1000 тагача камайтириши ва қитъалараро баллистик ракеталардан воз кечиши керак.
АҚШ чегараларидан ташқарида жойлашган ядро қуролларининг аксарияти Европада. Америка ташкилотининг Қурол назорати ва тарқатмаслик марказининг 2021 йил учун ҳисоб-китобларига кўра, 100 га яқин Америка ядро қуроли НАТОга аъзо бешта давлат - Бельгия, Германия, Италия, Нидерландия ва Туркиядаги ҳарбий базаларда сақланади.