Zarafshonbot`га мурожаат: “Қурилганига 8 ой бўлган боғчамиз фақат жиҳозлар етмагани учун ҳамон ишга тушмаяпти, ёрдам сўраб ёзган хатларимиз натижа бермади”

Паст Дарғом туманидаги Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Баҳодир Хидиров таҳририятимизга мурожаат қилди:

Ўқитувчиман. Таълим соҳасини яхши тушунганим, мактабгача таълим муассасасига ўзимизда эҳтиёжга катта бўлганини билганим учун маҳалламизда ўз ҳисобимдан 100 ўринли болалар боғчаси қурдим.

Асосий қурилиш ишларини тугатганимга ҳам саккиз ой бўлди. Лекин ободонлаштириш, жиҳоз олиш учун маблағ етмай қолди.

Аслида боғчалар етишмаслиги бир менинг маҳалламда эмас, мамлакат бўйича анчадан буён бор муаммо. Шунинг учун ҳам давлат-шериклик, хусусий боғчалар қурилиши ҳар доим давлат томонидан қўллаб-қувватланиб келинган. Ҳар ҳолда бу ҳақда юз марталаб айтилган, имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича тегишли қоидалар ишлаб чиқилган.

Лекин амалда ўзим, ўз ҳисобимдан боғча қуриб, етмай қолган қисмига кредит олиш учун “югур-югур”ларни бошлаганимга ҳам роппа-роса саккиз ой бўлди. Тумандаги мутасадди ташкилотлардан тортиб, вилоят МТМ бошқармасига ҳам эринмай қатнадим. Лекин қани энди муаммо ҳал бўла қолса.

Маҳалламизда болалар 7-8 километр масофага боғчага қатнашади. Буни вилоят ва республикадаги соҳа вакиллари ҳам яхши билади. Ҳар ҳолда озмунча мурожаат қилмадим. Ҳайронман, соҳани ривожлантириш бўйича давлатимиз бошлаган ислоҳотлар бизнинг ҳудудга келганда тўхтаб қолгандек. Холбуки, мен боғча қурилиш учун ўзим сарфлаган маблағнинг фақат тўртдан бир қисмини сўраяпман.

Маҳалламиз болаларини мактабгача таълимдан мосуво қилмайлик. Бошлаб қўйган эзгу ишимиз охирига етсин. Бунинг учун мутасаддилардан озгина эътибор керак. МТВ билан кредитли битим ва имтиёзли кредит ажратилса, деярли якунига етган, аммо 8 ойдан буён тўхтаб турган ишимиз охирига етган бўларди. Бу масалада бизга ёрдам бера оладиган мард ташкилот борми?".

Таҳририятдан: Бизга келган маълумотларга кўра, мазкур мурожаат юборилган, Паст Дарғом тумани Янги қишлоқ маҳалласида ростдан ҳам болалар боғчаси умуман мавжуд эмас. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болалар эса 300 га яқин. Демак, тадбиркорнинг мурожаати бекорга эмас. Агар Баҳодир Хидиров бошлаган лойиҳа охирига етиб, қўллаб-қувватланса ҳам яна 200 га яқин болага мактабгача тарбия учун эҳтиёж бор.

Шундай экан, ҳеч бўлмаганда фуқароларнинг ўзи бошлаган, каттагина маблағ сарфлаган лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Мутасаддилар ҳолатни ўрганиб ўз муносабатини билдириши, муаммо ёш авлод фойдасига ҳал бўлишидан умид қиламиз.