«Зарафшон»нинг муҳаррирлари»
Вилоят Матбуот уйида “Зарафшон” газетаси чиқа бошлаганидан буён бош муҳаррир бўлиб фаолият юритган ижодкорлар ёдловига бағишланган тадбир шундай номланди.
Очиғини айтганда, бу тадбирга анча вақт тайёрландик ва уни ҳаяжон билан кутдик. Чунки биринчи сони чиқа бошлаганига 110 йил тўлаётган “Зарафшон” газетаси ўз бағрида улуғ инсонларни тарбиялаган, бу табаррук даргоҳда фидойи инсонлар ишлаган. Улар орасида Беҳбудий, Фитрат, Ализодадек миллатнинг кўзга кўринган зиёлилари, Шароф Рашидовдек давлат раҳбарлари, ўнлаб шоир ва ёзувчилар, етук журналистлар етишиб чиққан.
1913 йилнинг апрель ойида “Самарқанд” номи билан чоп этилган газета кейинчалик “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Ленин йўли” номлари билан босилган. Газетанинг тамал тошини қўйган жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийдан тортиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида муҳаррир бўлган дунё назаридаги улуғ инсон Шароф Рашидовгача, урушдан кейинги машаққатли йилларда саркорлик қилган Тўлқин Рустамовдан тортиб, мустақилликнинг илк йилларида заҳмат ва шижоат билан ишлаган Марди Нуриддинов ва яна ўнлаб қаламкашларнинг азиз номлари абадул-абад унутилмайди. Зеро, улуғ инсонлар нафақат ҳаётлигида, балки дунёдан ўтганларидан кейин ҳам эзгуликка, ҳамфикрликка, одамларнинг бошини қовуштиришга хизмат қилган.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси Саидаҳмад Усмонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Раҳим Шокирбеков, Шароф Рашидов, Аҳмаджон Мухторов каби муҳаррирларнинг фарзандлари, невара ва яқинлари, кексалар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
- Бобом ушбу газетани ташкил этганидан, ҳам ношир, ҳам муҳаррир бўлганидан ҳамиша фахрланиб юраман, - дейди Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг невараси Шоҳруҳ Беҳбудий. – Муҳими, газета илк чоп этилган йилларданоқ одамларга зиё тарқатган, фикрлашга ундаган. Қолаверса, бобомни элга танилишида ҳам газетанинг ўрни катта бўлган. Бугунгидек тадбирлар эса бобом каби эл-юрт, миллат учун заҳмат чеккан ижодкорларнинг номларини янада улуғлайди, уларнинг номларини ёд, руҳларини шод этишга хизмат қилади.
- “Зарафшон” газетаси таҳририятида йигирма йил ишладим, шундан беш йил давомида муҳаррир бўлдим, - дейди Ҳабиб Темиров. – Бу вақт давомида журналистиканинг фусункор ва қайноқ оламидан баҳраманд бўлдим. Ҳозир ҳам шу соҳадаман. Мен таъбир жоиз бўлса, газетани, айниқса, “Зарафшон”ни маънавий-маърифий марказ, деган бўлардим. Чунки газета устозимиз Аҳмаджон Мухторов таърифлаганидек, гўёки оқ дастурхон. Ундаги неъматларнинг ҳаммаси халқники. Газета инсоннинг тафаккур маҳсули, китобдан-да улуғроқдир. Сабаби, у муттасил янгиланиб, жозибаланиб туради”.
Дарвоқе, ушбу тадбир бошлангач, хабарни ижтимоий тармоқларга жойлаштирдик. Ўз навбатида газета муштарийлари тадбир ҳақида ўз фикрларини билдириб боришди. Жумладан, Дилбар Имомованинг фикрлари эътиборимизни торди:
“Менимча, бундай тадбир биринчи маротаба бўляпти. Жуда таъсирландим. Журналист оиласида улғайганим сабабли болалигимдан дадам – Бобоқул Имомовдан рахматли Лутфулла Ҳамроев, Малик Наврўзов, Аҳмаджон Мухторов, Отахон Хўжаев ҳақида эшитганман. Уйимизга Лутфулла ака, Аҳмаджон ака келганликларини эслайман, сухбатларини гувоҳи бўлганман. Ҳозир Фармон Тошев бош муҳаррирлигидаги газетани ҳам бирор сонини қолдирмай ўқиб бораман ва ҳамиша ўзимга янги ғоя, фикрларни оламан. Газета янада одамларга яқин бўлсин, ўтган журналистлар, ижодий ходимларнинг жойлари жаннатдан бўлсин”.
Учрашувда тадбир иштирокчиларига вилоят “Нуроний” жамоатчилик кенгаши ҳамда “Зарафшон” газетаси таҳририятининг совғалари тарқатилди.